АОКАда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Миллий маркази ахборот хизмати раҳбари Ғулом Мирзаев иштирокида брифинг ўтказилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 7 февралдаги қарори билан иккита муҳим ҳужжат – Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Миллий таълим дастури ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Қайд этилишича, 15 февраль куни Ўзбекистон Республикасида Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Жаҳон таълим дастурининг тўртинчи босқичини амалга ошириш бўйича Миллий комиссия томонидан ушбу қарор ижросини таъминлаш доирасида – 2023 йил 20-28 февраль кунлари “Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги”ни ўтказиш бўйича Дастур тасдиқланди.

Дастур 22 та банддан иборат. Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги доирасида, жумладан, брифинг, матбуот анжумани ва давра суҳбатлари, турли танлов ва тақдимотлар, мутахассислар билан учрашувлар, экспертлар мулоқоти ва илмий-амалий конференциялар, ўқув курслари ва китоблар тақдимотини ўтказиш белгиланган.

Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази томонидан марказий ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, давлат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилади. Тадбирлар мамлакатимизнинг бутун ҳудудида – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман ва шаҳарларда бўлиб ўтади.

Хусусан, 2022 йил бўйича “Инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва тадқиқотлар” танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилади. Бу тадбир халқаро ҳамкорларимиз – Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ҳамда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши кураш бўйича бошқармаси билан биргаликда ташкил этилади.

Ўз навбатида, “Инсон ҳуқуқлари болалар нигоҳида” Республика танловига старт берилади. Мазкур танлов “Тонг юлдузи”, “Класс” газеталари таҳририятлари билан ҳамкорликда ўтказилади. Шунингдек, Ёшлар ишлари агентлиги билан бирга “Инсон ҳуқуқлари билимдони” викторинасини ўтказиш режалаштирилган.

Юртимизнинг барча турдаги таълим муассасаларида “Янги Ўзбекистон ва инсон ҳуқуқлари” мавзусида маърифий анжуманлар, давра суҳбатлари, учрашувлар бўлиб ўтади. Маҳаллаларда эса “Инсон ҳуқуқлари – олий қадрият” мавзусида “Прокурор ва ёшлар”, “Омбудсман ва ёшлар”, “Судья ва ёшлар”, “Адлия раҳбари ва ёшлар” каби турли учрашувлар ўтказиш мўлжалланмоқда.

Ҳафталик давомида Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ахборот-кутубхона марказларига инсон ҳуқуқлари соҳасидаги адабиётлар тақдим этилади.

Инсон ҳуқуқлари ҳафталиги 27 февраль – 2 март кунлари Женевада бўлиб ўтадиган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 52-сессияси тадбирларига туташиб кетади. Ушбу сессия доирасида бўлиб ўтадиган Юқори даражадаги сегмент ишида Ўзбекистон делегацияси иштирок этади.

 

ЎзА