Мамлакатимизда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Mутасаддиларнинг айтишича, глобал иқлим ўзгариши, аҳоли сони ва иқтисодиёт тармоқларининг ўсиши, уларнинг сувга бўлган талаби йил сайин ошиб бориши туфайли сув ресурсларининг тақчиллиги йилдан-йилга ортмоқда. Шунинг учун мамлакатимизда сўнги йилларда сув хўжалиги соҳасига, хусусан сув тежовчи технологияларни жорий этиш масалаларига оид бир неча фармон ва қарорлар қабул қилинди

Нукусда  Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш  тўғрисисда” ги фармони ижроси доирасида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” да белгиланган вазифаларга бағишланган сайёр ўқув  курслари ҳамда кўргазмали семинарда шулар ҳақида сўз борди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар, сув хўжалиги ходимлари иштирок этган тадбирда сув тежовчи технологияларни жорий қилишнинг афзаллиги, уларни ўрнатувчи пудрат корхоналари ҳамда “Томчи-реестр” ягона электрон реестри ва “Агросубсидия” ягона ахборот тизимидан фойдаланиш тартиблари бўйича  батафсил маълумот берилди. Юқорида қайд этилган “Йўл харитаси” да суғоришда сувни тежайдиган технологияларни қўллаш кўламини кенгайтириш юзасидан бир қатор  вазифалар белгиланган.  Олимлар ва масъул ходимларнинг тақдимотларидан сўнг ўқув-семинар очиқ-мулоқот тарзида давом этди. Унда сув  тежовчи технологияларни жорий қилган кластер ва фермер хўжаликлари, ҳудудлардаги сувчилар сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ўрнатиш, ҳосилдорликни ошириш билан боғлиқ тадбирлар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.

Оролбўйида сув тежовчи технологияларни жорий қилган сув истеъмолчиларига қўшимча имтиёзлар берилган. Яъни давлат томонидан ажратиладиган субсидия миқдори ўтган йилдан бошлаб оширилди. Тадбирда кластер ва фермер хўжаликларига бу борадаги имтиёз ва имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Сув тежовчи технологиялар бўйича сайёр ўқув ва кўргазмали семинар Беруний туманида ҳам ўтказилди. Унда Қорақалпоғистоннинг жанубий туманларидаги кластер ва фермерларга мавзу юзасидан тегишли тавсиялар берилди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА