Озарбайжон тарихида ХХ асрнинг сўнгги 30 йиллари ва ХХI аср бошлари алоҳида ўрин тутади. Икки хил ижтимоий-сиёсий босқичдан ўтган Озарбайжон тарихи Ҳайдар Алиев номи билан боғлиқ. Давлатчиликни асраб-авайлаш, мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга хизмат қилган, бу йил юз йиллиги нишонланаётган буюк давлат арбоби, тажрибали сиёсатчи, донишманд раҳбар, теран заковат соҳиби Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирги замонамизнинг муҳим тарихий босқичини ташкил этади.

Профессионал сиёсатчи, жаҳонга машҳур давлат ва жамоат-сиёсий арбоб сифатида Ҳайдар Алиев 1969-1982-йилларда Озарбайжон Совет Социалистик Республикаси раҳбари, 1993 йилдан мустақил Озарбайжон Республикаси раҳбари сифатида тан олинган.

Яқинда Озарбайжон Давлат ахборот агентлиги – АЗEРТАЖда озарбайжонлик зиёли аёл, тарихчи-олим, педагог ва жамоат арбоби, Боку давлат университетининг Кавказ халқлари тарихи кафедраси мудири, тарих фанлари доктори, профессор, Озарбайжон Республикасида хизмат кўрсатган ўқитувчи Ирада Ҳусейнованинг «Гайдар Алиев хотираларида…» сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. И.Ҳусейнова мақолада унинг сиймосига ўз чизгиларини беради.

«Даҳо Ҳайдар Алиев билан биринчи учрашувимни яхши эслайман. 1981 йил 10 октябрда мен, 18 ёшли талаба, Республика саройида ўша улуғ зот олдида сўзлашиш шарафига муяссар бўлдим. Тарих факультетининг 2-курсида ўқирдим, аълочи талаба эдим. Ўшанда бизни пахта теримига Агсу вилоятига юборишган эди. Мен раҳбарлик қилган гуруҳ республикамиздаги барча олий мактаблар орасида биринчи ўринни эгаллади. Қайтганингиздан сўнг, сизни Озарбайжон Компартияси Марказий Комитетига чақириб, эртага Бутуниттифоқ қишлоқ хўжалиги кунига бағишланган умум республика йиғилишида нутқ сўзлаш кераклигини айтишди. Ўша йиғилишда мен Қишлоқ хўжалиги вазири Маммад Асгаров, халқ шоири Бахтиёр Ваҳобзода ва Озарбайжон ёшлари номидан сўзлаганман. Марказий Комитетнинг биринчи котиби Ҳайдар Алиев мени диққат билан тингларди ва менинг нутқим уни жуда қизиқтирганини ҳис қилдим. Нутқимдан кейин у фаолиятим билан қизиқди. Ўша кун менинг ҳаётимдаги бурилиш нуқтаси бўлди.

Шу пайтдан бошлаб менинг бой ижтимоий фаолиятим бошланди. Айнан Ҳайдар Алиевнинг бевосита шахсий ташаббуси билан мен илғор ва баркамол ёшлардан бири сифатида республика ва иттифоқ миқёсида кўплаб нуфузли йиғилишларда қатнашдим. Озарбайжон Республикаси касаба уюшмасининг 16, 17 ва 17, СССР касаба уюшмасининг 17 ва 18 қурултойларида вакил этиб сайланганман. 1982-1987 йилларда СССР касаба уюшмалари марказий тафтиш комиссияси Президиуми аъзоси бўлиб, Озарбайжонни иттифоқ даражасида тамсил қилганман. Бу мен учун бой тажриба мактаби бўлди. Бунинг пойдеворини буюк тарихий шахс, даҳо Ҳайдар Алиев қўйган.

Ўша даврда ҳам Ҳайдар Алиев мисолида ёшларга кўрсатилган доимий ғамхўрликнинг жонли гувоҳи бўлганман. Бу буюк шахснинг билим ва маҳоратидан ҳайратда қолдим. Озарбайжон мустақиллиги шароитида ҳам Ҳайдар Алиевнинг менга бўлган эътиборини доимо ҳис қилиб келганман. Умуман олганда, Ҳайдар Алиев ўз ташаббуси билан танлаган кадрларга доимо эътибор қаратган ноёб давлат раҳбарларидан биридир.

Қирғизистон Президенти Асқар Акаев Боку давлат университетига келганида, мен бир вақтнинг ўзида давлат раҳбари нутқини озарбайжон тилидан рус тилига таржима қилдим. Маросим тугагач, зал саҳнасида, тадбир иштирокчилари олдида мени Ҳайдар Алиев кутиб олди ва шундай деди: — Мен сизни танидим. Республика саройида бўлиб ўтган қишлоқ хўжалиги кунига бағишланган умумреспублика йиғилишида сўзлаган ўша талаба қизсиз, нотиқлик қобилиятингиз зўр. Сиз иқтидорли қизсиз. Ҳозир қаерда ишлайсиз?

— Мен университет доцентиман, жаноб Президент! – жавоб бердим.

Ҳайдар Алиев «Сизга муваффақият тилайман», деб хайрлашди.

Атоқли давлат ва сиёсий арбоб Ҳайдар Алиев билан навбатдаги учрашувим 1998 йилда бўлиб ўтди. Хуллас, халқимизнинг улуғ, қаҳрамон фарзанди Ҳайдар Алиев олдида яна сўзлашиш бахтига муяссар бўлдим. 1998 йил 21 ноябрда Янги Озарбайжон партияси ташкил топганининг 6 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда Озарбайжон хотин-қизлари номидан Республика саройидаги ўриндиқдан сўзладим.

Мен ҳамиша Озарбайжоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги фаол позициям билан ажралиб туришга, Озарбайжон давлатчилиги ривожида ўз хизматларимни кўрсатишга ҳаракат қилганман. 1999-2021 йилларда Янги Озарбайжон партияси (ЯП) Сиёсий Кенгаши аъзоси, Боку давлат университети қошидаги ЯП Хотин-қизлар кенгаши раиси, 2014 йил февралдан ЯП гуманитар масалалар бўйича комиссияси раиси ўринбосари, 2014 йил май ойида ЯП Республика Хотин-қизлар Кенгаши ва Бошқарув Кенгашига аъзо этиб сайландим.

2000 йил ноябрь ойида Миллий Мажлисга сайловда пропорционал тизим бўйича ЯП рўйхатига номзод қилиб кўрсатилдим. 2002 йилда Буюк Йўлбошчи Ҳайдар Алиев мени икки марта – 6 ва 7 август кунлари қабул қилди. Ҳайдар Алиевнинг қабулида бўлганим, ўша донишманд билан мулоқот ҳаётимнинг энг қимматли саҳифаларидан бўлди. Қабулхонага борганимда, оёғим уюшиб, гапимни йўқотиб қўяман, деб ўйладим. Бироқ, Ҳайдар Алиевнинг кабинетига киришим биланоқ юқори самимиятга дуч келдим. У мени оталарча меҳр билан қабул қилди, диққат билан тинглади, саволлар берди, қизиқарли фикрлар алмашдик. Мен икки тарихий кунни бошдан кечирдим!

Ўша улуғ зот мени 2002 йил 7 августда таълим вазири ўринбосари этиб тайинлади. Бу лавозимда 2002-2011 йилларда ишлаганман. Мен қудратли тарихий шахс томонидан кўрсатилган ишончни оқлашга ҳаракат қилдим. Ҳайдар Алиев сиёсатини, унинг ёрқин ғояларини таълим тизимига татбиқ эта олдик.

Мен Ҳайдар Алиев ҳаётлигида унинг дуоси билан Озарбайжонда биринчи марта «Мустақил Озарбайжон давлатини барпо этиш ва мустаҳкамлашда Ҳайдар Алиевнинг роли» мавзусида докторлик диссертациясини яратганим ва ҳимоя қилганимдан фахрланаман. Ушбу докторлик диссертациясининг ҳимояси билан фаннинг янги йўналиши – Алиевшунослик фанининг пойдевори қўйилди. Шу билан бирга, мен умуммиллий лидер Ҳайдар Алиевнинг бевосита фаолиятига бағишланган қатор илмий монографиялар ва ўқув қўлланмалар муаллифиман.

Дарҳақиқат, ХХ асрнинг иккинчи ярми ва ХХI аср бошларининг бутун бир босқичи тарихшунослигимизда Ҳайдар Алиев даври сифатида қабул қилинади ва эътироф этилади. Ҳайдар Алиевнинг Озарбайжон тарихидаги ўрни ва мавқеини ўрганиш аллақачон тарихий зарурат эди. Лекин мен бу мавзуга мурожаат қилганимда, Ҳайдар Алиевнинг бой давлатчилик ва сиёсий фаолиятини илмий тадқиқ қилиш алоҳида илмий тадқиқот объекти эмас эди.

Диссертация ишимни якунлаб, тақдим этар эканман, Ҳайдар Алиевнинг мероси денгиз, охири кўринмайдиган Уммон эканлигини бир ҳақиқатни англадим. Халқимизнинг миллий бойлиги бўлган ушбу бой хазинани ўрганиш борасидаги ишимдан асосий мақсад – тарихий фактлар ва бой архив материаллари асосида Ҳайдар Алиевнинг мустақил Озарбайжон Республикасини барпо этиш ва мустаҳкамлашдаги ўрнини кўрсатишдан иборат эди.

Мен Россия Федерацияси ва Озарбайжон Республикаси давлат архивларидан, жумладан, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси ва Нахчиван Мухтор Республикаси Олий Мажлиси архивлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва бошқа муассасалар архивларидан фойдаланганман.

Ҳайдар Алиевнинг бой давлатчилик ва сиёсий фаолияти ҳақида унга бағишланган қатор илмий монографиялардан ҳам билиб олиш мумкин. Мен ўз тадқиқотимда тарихшуносликда илк бор Ҳайдар Алиевнинг шахсий архивини илмий муомалага киритдим. Ҳайдар Алиевнинг менга ишониб топширилган шахсий архиви илмий изланишларимни янада бойитди ва ранг-баранг қилди. Илмий изланишларимда Ҳайдар Алиевнинг 1941-2003 йиллардаги фаолияти ёритилиб, унинг сиёсий ва давлатчилик фаолиятининг барча даврлари комплекс ва тизимли тарзда таҳлил қилинади, умумлаштирилади ва илмий асосланади.

Ҳайдар Алиевнинг битмас-туганмас ақл-заковати, кенг дунёқараши, таҳлилий тафаккури, бой тажрибаси, теран тафаккури, донишмандлиги ҳамиша йўлимизни ёритиб борадиган маёқ. Унинг миллий қадриятлар, инсонга ғамхўрлик, Ватанга муҳаббат, ўз халқига садоқат, давлатчилигимиз учун оғир даврда қатъияти, тақдирни ҳал қиладиган дақиқаларда жонини хавф остига қўйиб, эл-юртни қутқариш йўлида тарихий қарорлар қабул қилиши, шарафли вазифаларни адо этиши, Озарбайжон тарихидаги нажоткорлик миссиясини бажариш бурчи, мураккаб шароитларда тўғри йўл топиш қобилияти унга Яратган томонидан берилган илоҳий неъмат эди.

Мен Ҳайдар Алиевнинг катта тажриба ва ҳаёт мактабидан ўтганим ва шу мактаб битирувчиси эканлигимдан фахрланаман! Ана шундай мактабда сиз умр бўйи тиним билмай таҳсил оласиз, жамият ва ўзингиз учун фойдали бўлган муҳим фанларни ўрганасиз, миллий-маънавий-ахлоқий қадриятларни эгаллайсиз, бу юксак ғоялар ҳаётда рўёбга чиқишининг тирик гувоҳига айланасиз. Мен бутун онгли ҳаётим давомида Ҳайдар Алиев ғояларига садоқат билан хизмат қилиш ишлари билан яшашни ўзимнинг маънавий бурчим деб билдим. Ҳайдар Алиевнинг ҳаёти ва фаолияти ҳар бир инсон учун ибратдир.

Мен Озарбайжонимизнинг келажагига қаттиқ ишонаман. Чунки бугун Ҳайдар Алиев ғояларини юксак савияда ҳаётга татбиқ этувчи, унинг сиёсий йўлини давом эттираётган қобилиятли, профессионал, қудратли раҳбар Илҳом Алиев бор. Озарбайжон давлатчилигини мустаҳкамлашда, ҳудудий яхлитлигимизни таъминлашда, мамлакат манфаатларини ҳимоя қилишда Озарбайжон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Илҳом Алиев мардонавор иш олиб бормоқда.

 

Абдували Сойибназаров таржимаси