Барчага маълум, сўнгги йилларда Ўзбекистонда кўчмас мулк нархи бир неча баробарга қимматлашди. Яқин истиқболда ҳам бир қанча омиллар таъсирида нархлар янада ошиши мумкин.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, 2022 йил бошидан буён Тошкент шаҳрида ижаранинг ўртача нархи 34,6 фоизга ошди. Пойтахтда декабрь ойида иккиламчи уй-жой кўчмас мулк бозорида нархларнинг ўсиши 1,1 фоизни ташкил этди. Жорий йил бошидан кўчмас мулк бозоридаги фаоллик 3,8 фоизга ошган. Иккиламчи уй-жой бозорида ўртача нархлар йил давомида 16,5 фоизга пойтахтда эса 24 фоизга ўсган.

Аҳоли турмуши учун зарур бўлган уй-жойлар баҳосини қандай барқарорлаштириш ва пасайтириш мумкин?    

Бу саволга Иқтисодиёт фанлари бўйича фалсафа доктори, доцент Шохжаҳон Элмуродов куйидагича жавоб берди.

–Ўтган йилги Россия-Украина муносабатларидан кейин мигрантларнинг Ўзбекистонга келиши ижара, уй-жойлар нархи сезиларли даражада ошиб кетишига сабаб бўлди.

Уй-жой нархини барқарорлаштириш учун биринчи навбатда сўровнома ўтказилиши керак, деб ўйлайман. Ўзбекистонда ижара ва уй-жой нархи бўйича энг катта муаммоли ҳудудлардан биттаси бу Тошкент шаҳри ҳисобланади. Кейинги жиҳат вилоятларда яшаётган аҳоли Тошкентга интилади. Сабаби пойтахтда инфратузилма яхши. Шу боисдан Тошкентга кўпчилик интилади.

Агар бошқа ҳудудларнинг ҳам инфратузилмалари яхши бўлса, яхши иш ўринлари бўлса, одамлар ўзининг ҳудудида яшайди. Шунда Тошкентда ижара, уй-жой нархлари барқарорлашиб бораверади. Ҳозир кўпчилик Тошкентдан уй-жой олишга ҳаракат қилаётгани нарх-навонинг ўсишига ва яна ўсиб боришига таъсир кўрсатади.

Иккинчи жиҳат. Уй-жой нархлари, ижара тўловлари долларда амалга оширилади. Аммо, даромадни миллий валютамиз сўмда оламиз. Мисол учун, 5 миллион сўм иш ҳақи оласиз, 200 АҚШ доллари ижара тўляпсиз. АҚШ долларининг ўзгариши ўз-ўзидан даромадингизга таъсир кўрсатмаяпти. Аммо, сизнинг харажатингизга таъсир кўрсатяпти. Ижара шартномаларида бирор бир мажбурий чеклов ёки давлат томонидан чеклов қўйилмаслиги керак. Яъни, ижара тўловини ижара шартномасида шаффоф кўрсатиш учун имконият яратиб берилиши керак.

Қайси вазиятда ижарачи ўзининг ижара тўловини шаффоф кўрсатишга ҳаракат қилади? Қачонки қанақадир енгиллик, имтиёз бўлса. Мисол учун, агарда шартнома тузилиб, ўша шартномада кўрсатилган суммани ижара учун тўласа, жисмоний шахслар учун даромад солиғидан имтиёз берилади, буни кўрсатишга рози бўлади.

Ўз-ўзидан бундан манфаатдор бўлади. Шартномада кўрсатилган сумма тўлаб борилса, долларнинг ўзгариши унга таъсир кўрсатмайди.

Ижарада турувчиларнинг ҳуқуқини ҳимоялаш борасида шунақа механизм ишлаб чиқарилиши керак. Истаган вақтда келиб ижарада турган фуқарони чиқариб юбормаслик зарур.

Тошкент шаҳрида илгари икки хонали уйнинг ижара нархи 200 АҚШ доллари бўлган бўлса, мигрантлар оқими кўпайгач улар 600-700 АҚШ доллари тўлашини айтган. Натижада ижарачи 200 доллар тўлаган маҳаллий аҳолини чиқариб юборяпти. Маҳаллий аҳолининг 600-700 АҚШ доллари тўлашга имконияти етмайди. Уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган шартнома йўқ. Чунки улар оғзаки шартнома тузган. Шу боис, ҳеч бир идорага бориб шикоят қилолмайди. Шу борада тартибга солувчи механизм яратилиши керак.


Шаҳноза Маматуропова, ЎзА