АОКАда Табиат ресурслари вазирлиги бошқарма бошлиғи Азиз Калимбетов иштирокида брифинг ўтказилди.

Қайд этилишича, мамлакатимизнинг табиий хусусиятлари (қуруқ иқлим, қумли ва гилли тупроқ) сабабли атмосфера ҳавосида муаллақ заррачалар – чанг миқдори юқори ҳисобланади. Тошкент шаҳрида 15 та кузатув постлар мавжуд бўлиб, 2021 йилдан 2 та “Horiba” (Япония–Германия) замонавий автоматик станцияси фаолиятини бошлади. Тошкент шаҳрида 2 та замонавий автоматик станциянинг ишга туширилиши илк бор атмосфера ҳавосидаги кичик ўлчамдаги РМ 2,5 моддаларни кузатиш ҳамда аниқ маълумотлар тайёрлаш имкониятини берди.

Тошкент шаҳридаги ҳаво сифати 15 та нуқтага ўрнатилган мосламалар орқали ўлчаб борилди. Кузатув натижаларига кўра, Тошкент шаҳрида ҳавонинг майда чанг зарралари (РМ 2,5) билан ифлосланиши даражаси ҳавонинг “ўрта” ва “яхши” даражадаги ифлосланиш тоифасига киради. Бу эса инсон саломатлигига жиддий таъсир кўрсатмайди.

Табиат ресурслари вазирлигининг Тошкент шаҳар бошқармаси томонидан ўрганиш таҳлил ишлари олиб борилиб, шаҳар ҳудудининг бир нечта нуқталарида атмосфера ҳавосидан таҳлил учун намуналар олинди. Олинган таҳлил натижаларига кўра атмосфера ҳавосидаги зарарли моддалар миқдори меъёр даражасидан ортиқ ҳолатлар аниқланмади.

Тошкент шаҳрида экологик хавфсизликни таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш, қулай экологик ҳолатни барқарор сақлаш, атроф табиий муҳитга салбий таъсир кўрсатаётган корхоналарда ушбу холатларни бартараф қилишга кўмаклашиш бўйича “Йўл харитаси” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди.

Шу ўринда, ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган таҳлиллар “Хаус фреш” халқаро жамоатчилик лойиҳаси томонидан олиб борилган бўлиб, ҳозирги кунда ушбу ҳолатлар бўйича тегишли мутасадди вазирлик ва идораларнинг мутахассислари иштирокида қўшимча илмий ўрганишлар ва таҳлиллар олиб борилмоқда.

ЎзА