Ўтаётган ҳафтада мамлакатимиз спортчилари бир қатор халқаро мусобақаларда мамлакатимиз шарафини ҳимоя қилмоқда.
Енгил атлетикачиларимиз Қозоғистоннинг Остона шаҳрида ҳар икки йилда бир марта ташкил этиладиган ёпиқ иншоотлардаги Осиё чемпионатида медаллар учун кураш олиб бораётган бўлса, боксчиларимиз Венгриядаги халқаро турнирда, от спорти вакиллари Германияда CSI2* мусобақасида, “Париж – 2024” Олимпиадасига ҳозирлик кўраётган футбол бўйича аёллар терма жамоаси аъзолари “Turkish Womenʼs Cup – Alanya 2023” баҳсларида қатнашишга тайёрланмоқда.
Воронинанинг олтин медали
Бевосита мусобақалар тафсилотига тўхталадиган бўлсак, енгил атлетикачиларимиз ўнинчи марта ўтаётган қитъа чемпионатининг илк кунги мусобақаларини муваффақиятли ўтказди.
Спорт маликасининг бешкураш йўналишидаги дастлабки баҳсларида ҳамюртимиз Екатерина Воронина 2711 очко билан пешқадамликка эришди. Енгил атлетикачимиз пешқадамликни сўнгги дақиқаларгача сақлаб қолди ва дастурнинг учта босқичида 4386 очко тўплаб, чемпионатнинг олтин медалига сазовор бўлди. Воронинадан кейинги ўринлар ҳиндистонлик Свапна Барнан(4119) ва Япония вакиласи Юки Ямасаки(4078)га насиб этди.
Чемпионатнинг саралашидан муваффақиятли ўтган спортчиларимиз Лайло Аллаберганова ва Фарида Солиева бугун 400 метрга югуриш дастурида медаллар учун кураш олиб боради.
Узунликка сакраш дастурида Анвар Анваров 7.65 метр натижа билан финал йўлланмасини қўлга киритди. Финал баҳслари эртага, 12 феврал куни бўлиб ўтади.
Айтиш лозим, Остонада ўтаётган қитъа биринчилигида 30 дан ошиқ мамлакатдан 500 нафарга яқин енгил атлетикачи 26 та йўналишда совринли ўринлар учун кураш олиб бормоқда.
Европа вакилларини доғда қолдирган ўзбек чавандози
Германияда от спортининг конкур йўналишида ўтказилган нуфузли турнирда Ўзбекистон йилқичилик ва от спорти федерацияси раиси Баҳромжон Газиев 130 см баландликдаги тўсиқлардан сакраш дастурида Франция, Польша, Швеция ва Германиянинг маҳоратли спортчиларини доғда қолдириб олтин медални қўлга киритганлиги ўзига хос шов-шувга сабаб бўлди.
Ҳамюртимиз “Леди” лақабли тулпорда 38 нафар иштирокчи орасида энг яхши натижани қайд этди.
Терма жамоамиз аъзоларидан Нуржон Туёқбоев 145 см баландликни ташкил этган тўсиқлардан сакраш баҳсларида “Ланселлота” номли тулпорда 68 нафар чавандоз орасида 8-поғонадан жой олди.
3 та бронза нақд, 3 та олтин-чи?
Бугун, 11 февраль куни Венгриянинг Дебрецен шаҳрида бокс бўйича давом этаётган халқаро турнирнинг сўнгги – финал жанглари ташкил этилади.
Ортда қолган саралаш ва ярим финал жангларидан кейин Ўзбекистон терма жамоасининг 3 нафар аъзоси олтин медаллар учун курашни давом эттирадиган бўлди.
Кеча ўтказилган ярим финал баҳслари якунига кўра, терма жамоамиз азоларидан Самандар Холмуродов, Раҳматилло Бойматов ва Айдос Тагайбаев турнирнинг бронза медаллари билан кифояланган бўлса, Зиёвуддин Алижонов,Ойбек Жўраев, Тўрабек Хабибуллаев олтин медаллар учун жангни давом эттиради.
Тажриба ва маҳорат “Париж – 2024” учун курашда асқотармикан?
“Париж – 2024” Олимпиада ўйинлари саралаш босқичига тайёргарлик кўраётган футбол бўйича Ўзбекистон аёллар терма жамоаси аъзолари бугун, 11 февралдан Туркияда ўқув-машғулот йиғинларига киришади.
Футболчи қизларимиз 15-21-февраль кунлари бўладиган “Turkish Womenʼs Cup –Alanya 2023” турнирида Словения, Жанубий Африка ва Замбия аёллар терма жамоалари билан куч синашади.
Мазкур турнирда натижалар қай кўринишида бўлишидан қатъи назар, унда тупланган тажриба, олинган маҳорат “Париж – 2024” Олимпиадаси йўлидаги курашларда асқотса бас.
Тўлқин РЎЗИЕВ,
ЎзА