Футбол бўйича жаҳон чемпионати иштирокчиси, Европанинг бир қатор номдор клубларида тўп тепган, Хорватия миллий терма жамоасида мураббий бўлиб фаолият юритган Алёша Асанович Ўзбекистон футбол ассоциациясида техник директор сифатида иш бошлаши мумкин. Бу ҳақда ЎФА матбуот хизмати хабар тарқатди.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон футбол ассоциациясида Хорватия футболи фахрийси, ЎФА техник директорлигига номзод Алёша Асанович ва ФИФА техник консультанти Гаёз Дарсадзе билан учрашув ташкил этилди. Мулоқот давомида футбол кундан кунга ривожланиб бораётгани, мураббийлик, бошқарув тизимидаги замонавий тенденцияларни жамоаларга татбиқ этиш давр талаби эканлиги таъкидланди.

Дарҳақиқат, футбол академияларидаги таълим ва машғулотлар бевосита техник директорлар назоратида бўлиб, барча жараёнларни ташкил этишда бу мутахассисларнинг билим ва савияси муҳим аҳамиятга эга. ФИФА техник консультанти Гаёз Дарсадзе ҳам Ўзбекистонда бу йўналиш бўйича бир қанча лойиҳалар ишга туширилганини айтиб, ФИФА талаблари асосида мутахассисларни тайёрлаш бўйича ўз тавсияларини билдирди.

Хорватиялик мутахассис Алёша Асанович Ўзбекистонда иқтидорли футболчилар кўп эканлигини, бунда мураббийларнинг алоҳида ўрни борлиги, шу жиҳатдан уларнинг савиясини янада ошириш, профессионал ва илмий асосланган таълим беришни янги босқичга олиб чиқиш кераклигини қайд этди.

Учрашувда бир қатор йўналишлар юзасидан ўзаро фикр алмашилди, келгуси режалар белгилаб олинди. Алёша Асановичнинг Ўзбекистон футбол ассоциациясида техник директор сифатида расман иш бошлаш масаласи кўриб чиқилмоқда.

 

Т.Рўзиев,    

ЎзА