Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 582 йиллиги муносабати билан Беларусь пойтахти – Минск шаҳридаги Навоий ҳайкали пойига гул қўйиш маросими ўтказилди.

Тадбирда Ўзбекистоннинг Беларусдаги элчихонаси ходимлари, Минскда амалий ташриф билан бўлиб турган Фарғона вилояти делегацияси аъзолари, Беларусь ижодий ҳамжамияти вакиллари, шунингдек, ушбу мамлакат олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талаба ватандошларимиз иштирок этди.

Алишер Навоий бой адабий-маърифий мероси билан ҳақли равишда дунё адабиётининг буюк намояндалари орасида алоҳида ўрин тутиши, адибимизнинг бебаҳо асарлари мамлакатимизда ва халқаро миқёсда катта қизиқиш билан ўрганиб келинаётгани қайд этилди.

Алломанинг «Маҳбуб-ул қулуб» асари ўтган йил беларусь тилига ўгирилиб, нашр қилингани, шу муносабат билан махсус тақдимоти ўтказилгани, мазкур китоб ўқувчилар эътиборини қозонаётгани таъкидланди. Ҳазрат ҳаётий тажрибасининг ўзига хос кўзгуси ҳисобланган бу асар ёш авлод учун шараф ва аҳлоқ кодекси сифатида замонлар оша долзарблигини йўқотмагани урғуланди.

Умуман, айни таржима Навоий бобомизнинг беларусь тилида мутолаа қилинаётган ягона асари эмас. 1993 йил Минскда Алишер Навоий ғазалларидан иборат «Лирика» китоби ҳам чоп этилган. Ушбу тўплам таниқли таржимон Василь Жукович томонидан ўгирилган.

ЎзА