Бу Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги фармони лойиҳасида белгиланди.

Лойиҳада айтилишича, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали, кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада, мазкур шаклдаги давлат хизматлари билан 4 миллионга яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олинади.

Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) давлат хизматларини кўрсатиш йўлга қўйилади. Натижада, йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.

Эндиликда бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш мумкин бўлади. Масалан, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 миллиард сўм иқтисод қилинган.

Маълумот учун фармон юзасидан жамоатчилик муҳокамалари жорий йил 17 февралга қадар давом этади.

ЎзА