2023 йилги давлат дастурига оид Президент фармони лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳада қайд этилишича, жорий йилда аҳолига ипотека кредитлари доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга 1 триллион сўм субсидия ажратилади.

2023 йилги давлат дастурига мувофиқ, “Янги Ўзбекистон” массивларини ривожлантириш ва аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида 53 та “Янги Ўзбекистон” массивлари ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажми 2 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, 2022 йилда 44 мингта хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилган. Белгиланаётган чоралар амалга оширилиши натижасида 2023 йилда қуриладиган хонадонлар сони ўтган йилга нисбатан камида 100 фоизга кўпаяди.

Президент фармони лойиҳасига кўра, 26 минг нафар фуқарога бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари, шунингдек, 11 минг нафар фуқарога бошланғич бадал ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплашга субсидиялар ажратиш учун Давлат бюджетидан етарли маблағлар йўналтирилади.

Шунингдек, жорий этилган аҳолини бозор тамойиллари асосида ипотека кредитлари орқали уй-жой билан таъминлашнинг янги тартиби доирасида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган фуқаролар учун Тошкент вилоятида тажриба-синов тариқасида “Менинг биринчи уйим” дастури ишлаб чиқилиб, йўлга қўйилиши мумкин.

Шу билан бирга, халқаро ва маҳаллий фонд биржаларида “Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси” АЖнинг ипотека облигацияларини чиқариш ва жойлаштириш ҳисобига компаниянинг устав фонди 100 миллион доллар эквивалентга етказилади. Бунда, ипотека облигацияларини жойлаштириш ҳисобига жалб қилинган маблағлар ипотека кредитлари учун ресурс сифатида банкларга жойлаштирилади. Натижада аҳолига қўшимча 3 мингта ипотека кредитлари ажратилади.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА