Президентимиз топшириқлари асосида 2023 йилдан бошлаб Финляндия ўқув стандартлари юртимиз умумтаълим мактабларининг 1-4 синфларига жорий этилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 1 тадан, жами 14 мактабнинг 1-4 синфларида Финляндия таълим тизимини тажриба-синов тариқасида жорий этиш бўйича дастлабки жараёнлар бошланди.

Бухоро туманидаги 22-умумтаълим мактаби вилоятда тажриба-синов таянч мактаби сифатида белгиланган. Айни пайтда

тажриба-синов жараёни бошланди. Унга мактабнинг 7 та бошланғич синфи жалб этилган, 7 нафар тренер-ўқитувчилар бириктирилган.

Хўш, нимага айнан Финляндия таълим модели танланди.

– Таълим сифатини баҳолаш бўйича ўтказилган халқаро тадқиқотларда Финляндия таълим тизими ҳар томонлама энг етук деб тан олинган,  – дейди Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Фаррух Қурбонов. – Фин ўқувчилари ҳам таълим сифати бўйича энг яхши натижаларга эришиб келмоқда. Финляндиянинг асосий таълим тўғрисидаги қонунида таълимнинг учта асосий мақсади  – ўқувчиларга ҳаётда зарур бўлган билим ва кўникмаларни бериш, жамиятда ривожланиш ва тенгликни тарғиб қилиш ҳамда бутун мамлакат бўйлаб таълим соҳасида тенгликни таъминлаш белгилаб берилган. Фин мактабларида ҳафтасига 5 кунлик ўқиш жорий этилган бўлиб, барча мактаблар бир хил мавқега эга, болалар қобилиятига кўра турли синф ёки ихтисослаштирилган таълим муассасаларига ажратиб ўқитилмайди. Бошланғич таълим 6 йил давом этади ва 3-синфгача болаларга баҳо қўйилмайди. Ўқитувчилар томонидан уйга вазифа деярли берилмайди. 2017 йилдан аксарият мактаблар дарс вақтида “ручкадан воз кечишган” ва дарс жараёнида тўлиқ компьютер ва планшетлардан фойдаланилади.

Бухоро вилояти ҳокимлиги ташаббуси билан Халқаро Нордик Университети томонидан бухоролик бир гуруҳ раҳбар-педагоглар тажриба ўрганиш мақсадида жорий йилнинг 16-29 январь кунлари Финляндия давлатида бўлишди. Икки ҳафталик амалий тренинг жараёнида вакилларимиз мазкур давлат таълим тизимининг ўзига хос хусусиятлари билан танишишди. Бу фин таълимининг илғор тажрибасини вилоят умумтаълим мактабларида жорий этиш имконини беради.

– Сафар жараёнида Муураме бизнес мактаби билан танишдик, –дейди Бухоро шаҳар халқ таълими бўлими мудири Мурод Маттиев. – Бу мактабда ўқувчиларга тадбиркорлик йўналишида турли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва уни компанияларга тақдимот қилиш кўникмалари ўргатилар экан. Чунки ушбу шаҳарда 600 дан ортиқ катта компаниялар фаолият юритар экан.  Куоккалин ўрта мактабида эса ҳар бир ўқувчига ҳаётда асқотадиган, уй-рўзғорда муҳим бўлган барча билим ва кўникмаларни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилган. Пишириқлар тайёрлаш хонаси, ёғочга, металлга ишлов бериш хоналари, пайвандлаш, электромонтёрлик хоналари бўлиб, сабоқлар бевосита амалиёт уйғунлигида олиб борилади. Ўқувчиларга бу ерда ҳаттоки кир ювиш машиналари орқали кир ювиш, дазмоллаш, тўқиш каби кундалик рўзғор юмушлари ҳам ўргатиб борилади. Мактаб директори томонидан муассасада ташкил этилган ўқув жараёнлари тақдимоти жуда қизиқарли бўлди. Тақдимот жараёнида у дарс жадвалининг тузилиши, мактабда қандай фанлар ўқитилиши, ўқитувчилар таркиби, салоҳияти ва махсус синфлар ҳақида гапириб берди.

Жараёнда мактаб дарсликлари билан ҳам танишдик. Маълум бир синфга мўлжалланган битта дарсликда бир нечта фанлар қамраб олингани эътиборимизни тортди. Мактаб ўқувчилари дарс машғулотларида дарсликдаги мавзуларни ёдлаш эмас, балки уни ҳаётда қандай қўллаш кераклигини ўрганар экан.

– Финляндия тажрибаси билан танишиш мобайнида Келижонканкаан киржасто фин ўрта мактабида бўлиб, ушбу таълим муассасасидаги дарс жараёнларини, ўқувчи-ёшлар учун яратилган шароит ва имкониятларни кўздан кечирдик, – дейди Вобкент тумани халқ таълими бўлими мудири Муродилло Фармонов. – Физика, математика, технология ва меҳнат дарсларини кузатдик. Бу мактабда 1100 нафар ўқувчи таҳсил олар экан. Технология синф хонасида ўқувчиларга дарсда керак бўладиган барча жиҳозлар, ёрдамчи деталлардан тортиб, майда асбобларгача тайёр ҳолда жамланган. Ўқувчилар дарсни амалиёт билан бирга олиб бориб, ҳар бир жиҳозни ўқитувчи билан бирга тайёрлаётгани кишини қувонтиради.

Фин мактабларида мусиқа таълимига ҳам эътибор катта экан. Чунки шахс тарбиясида мусиқа ва санъат муҳим аҳамиятга эга. Кески-Палокан мактабидаги мусиқа дарси жараёнларини бир олам завқ билан кузатдик. Мусиқа хонасининг жиҳозланиши, ниҳоятда эркин муҳитда ўқувчиларнинг завқ ва иштиёқ билан сабоқ олаётгани, мусиқа асбобларини чалаётганини кўриб, ҳавас қилдик.

 

Зариф Комилов,  

ЎзА