Президент қарорлари – ҳаётда ва назоратда

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йил 20 январь куни мактабларда хорижий тиллар ва касб ўргатиш тизимини ривожлантириш масалалари бўйича кенгайтирилган йиғилиш ўтказилган эди.

– Мактабдан касб ва тилни билиб чиққан бола жамиятимизнинг катта ютуғи, билмагани муаммо, – деган эди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида туман ва маҳаллаларнинг хусусиятидан келиб чиқиб, ўқувчилар мактабнинг ўзида 64 хил ишчи касбларга ўргатилади. Бу тажрибани жорий этиш учун ҳар бир вилоятдан биттадан шаҳар ва иккитадан туман танлаб олинган. Улардаги 2 мингдан ортиқ мактабларнинг шароити, педагоглар малакаси, ўқувчиларнинг касб-ҳунар ва хорижий тилларга қизиқиши ўрганилган.

Ҳокимликларга ушбу танлаб олинган мактабларда касб-ҳунар устахоналари ташкил этиш, уларни жиҳозлаш ва зарур ашёлар билан таъминлаш вазифаси қўйилган. Бунга ёшлар етакчилари ва тадбиркорлар ҳам жалб этилиб, Ёшлар жамғармасидан маблағлар йўналтирилади.

Бу борада амалий қадамлар ташланди. Андижон вилояти Андижон туманидаги 55-умумтаълим мактабида айни талаблар асосида, ўқувчиларни аниқ касбларга йўналтириш ишлари бошланди.

Мактабнинг 600 ўринли ўқув биноси 1 миллиард 250 миллион сўм ҳисобига жорий таъмирланди. Энди бу ерда 28 нафар педагог ўғил-қизларга таълим-тарбия беради.

55-умумтаълим мактабининг бўш турган ертўласи тадбиркорларга ажратиб берилди. 14 хонада 6 та – тикувчилик, сават тўқиш, кўрпа-тўшак ишлаб чиқариш, мебелчилик, пойабзал ва қандолатчилик каби йўналишда ишлаб чиқариш ва касбга ўргатиш ташкил этилди.

Мактаб ҳудудида новвойхона, автомобилларга техник хизмат кўрсатиш, пайвандлаш, электротехника, типография, компьютер хизмати ва салонлар энди ўқувчи-ёшлар билан гавжум бўлади. Ёшлар учун тажриба майдонига айланади.

Мактабнинг 10- ва 11-синф ўқувчиларидан 75 нафари ишлаб чиқариш ва касб-ҳунарга ўргатишга бириктирилиб, амалий ишлар бошланди.

Бугунги давр ўқувчиларни ахборот технологиялари ва “креатив индустрия” бўйича замонавий касбларга ўргатиш муҳимлигини кўрсатмоқда. Муассасада айни йўналишдаги ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида замонавий жиҳозланган фаоллар зали, спорт зали, кутубхона, мослаштирилган ошхона, 23 та ўқув хонаси, кимё, физика лаборатория ва компьютер хонаси мавжуд. Мингдан зиёд китоб фондига эга кутубхона ёшлар ихтиёрида.

Президент жорий йил 1 февраль кунги Андижон вилоятига ташрифи давомида ушбу мактабга борди, яратилган шарт-шароитларни кўрди. Келгусида қилиниши керак бўлган ишлар, режалар белгиланди.

– Эътибор берсангиз, касб эгалламай ўқишни битирганлар ҳаётда қийналади, иш тополмайди. Кимнинг қўлида ҳунари бўлиб, чет тилини билса, йўли очиқ. Сизларда шундай имконият бор. Ўзингизни қийнаб, қунт билан билим олинг, ҳунар ўрганинг. Қарорлар, саъй-ҳаракатлар қачон натижа беради? Мутахассис зўр бўлса. Инвесторлар ҳам кадрларнинг билим ва малакасига ишониб келади. Мамлакатимизнинг энг катта бойлиги – ёшлар, – деди давлат раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев халқимизга йўллаган Мурожаатномасида ҳам «Ижтимоий давлат бу, энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш, демакдир”, деган эди. Бунга эришишнинг асоси таълимдир. Шу боис Мурожаатномада мактаб ўқувчиларини камида иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш устувор вазифа этиб белгиланган.

– Давлатимиз раҳбари мактабларда таълим сифати, жамиятда ўқитувчи касби нуфузини ошириш, шароитларини яхшилашда энг асосий вазифаларни белгилаб берди, – дейди мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. – Бизнинг мақсадимиз, фарзандларимизга сифатли таълим беришда боғча, мактаб ва олий таълим уйғунлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтиришдан иборат. Таълимга, ўқитувчиларга эътибор кучайган, олий таълимга қамров ошган бир пайтда мактаблардаги сифат ҳам шунга мос бўлиши керак. Шундагина билимли авлодни вояга етказиш мумкин.

Ушбу фикрлар, тавсиялардан тўғри хулоса чиқарган ҳолда амалга оширилган ишлар келгусида янгича фикрли, касб-ҳунарли, битта хорижий тилни мукаммал билган, кенг дунёқарашга эга ёшлар улғайиши кафолатидир. Зеро, таълим тизимида эртанги кунни бугундан ўйлаш, инвестиция киритиш, мақсадли лойиҳаларни амалга ошириш зарур.


Барно МЕЛИҚУЛОВА, ЎзА