Олий Мажлис Сенати қўмиталари томонидан доимий равишда қатор қонунларнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ўрганилиб, қонуности ҳужжатларининг қабул қилиниши юзасидан мониторинг амалга оширилади.

Мақсад қонун ижодкорлиги фаолияти сифатини тубдан ошириш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий жиҳатдан таъминланишини такомиллаштириш, энг асосийси аҳоли, оддий одамлар ҳаётини яхшилашдан иборат.

Олиб борилган таҳлиллар айрим қонунларда аниқ механизмларнинг акс эттирилмагани, тўғридан-тўғри ишлайдиган нормаларнинг мавжуд эмаслиги туфайли соҳалар асосан қонуности ҳужжатлари билан тартибга солингани, шунингдек, айрим қонунлардаги нормаларнинг амалиётда турлича талқин қилинишига сабаб бўлаётгани туфайли бугунги кун талаби асосида қайта кўриб чиқиш ҳамда такомиллаштириш зарурати мавжудлигини кўрсатди.

Таъкидлаш лозим, мониторинг жараёнида бевосита аҳолининг ижтимоий ҳаётини яхшилашга хизмат қилувчи қонунларга алоҳида эътибор қаратилмоқда. “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун ҳам шулар жумласидан бўлиб, ҳужжатнинг ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда бугунги кун талабларига жавоб бериши нуқтаи назаридан ўтказилган мониторинглар қонунда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган қатор нормалар мавжудлигини кўрсатди.

Масалан, илгари амалдаги қонунчиликка мувофиқ боқувчисини йўқотганлик пенсияси қарамоғидаги шахсларга улар 16 ёшга тўлгунга қадар, ўқувчи бўлсалар 18 ёшга тўлгунга қадар тўланиши белгиланган. Бироқ фуқаро 18 ёшга тўлганда, кўпинча олийгоҳга ўқишга киради, шунда табиийки, у ўқиш билан банд бўлган даврда таъминотсиз қолиб кетар эди.

Лекин, бу борада ҳарбий хизматчилар, ички ишлар органлари ходимлари, судьялар ва прокуратура органлари ходимлари оила аъзоларига қонунчиликда имтиёзлар кўзда тутилган.

Шунингдек, ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш, ногиронлик ва Чернобиль АЭСдаги авария туфайли майиб бўлган шахсларга пенсияларни тайинлаш билан боғлиқ ва яна бошқа кўплаб масалалар қонунда тўлиқ ўз аксини топмаган эди.

Мониторинг ва таҳлиллар натижасида ишлаб чиқилган таклифлар инобатга олиниб, “Фуқароларнинг ва тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинди.

Қонунда боқувчисини йўқотганлик пенсияси тўловларини марҳумнинг қарамоғидаги фарзандларига, улар 18 ёшгача, агар умумий ўрта таълим муассасаси, академик лицей ва олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса 23 ёшга тўлгунга қадар тўлаш белгиланди. Ногиронлиги болаликдан бўлган болаларга 18 ёшгача қараган даврини иш стажига қўшиб ҳисоблаш назарда тутилди.

Маълумки, COVID-19 пандемияси кутилмаган ҳолатларга тайёр туриш, бундай шароитда аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш лозимлигини кўрсатди. Шу нуқтаи-назардан қонунда  республика ҳудудида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши таҳдиди мавжуд бўлган даврда пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган фуқаролар, ушбу тадбирлар (чекловлар) даврида ёки тугагандан сўнг бир ой ичида пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган тақдирда, уларга пенсия уни олиш ҳуқуқи пайдо бўлган санадан тайинланиши мустаҳкамланди.

Ўз навбатида ушбу ўзгартириш ва қўшимчаларнинг киритилиши етим болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмларини янада такомиллаштиришга, карантин тадбирлари давомида фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга хизмат қилади.

ЎзА