Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021 йил 17-18 июнь кунлари Андижон вилоятига ташрифи чоғида кўплаб истиқболли лойиҳалар билан танишиб, вилоятда олиб борилаётган қурилиш-бунёдкорлик ишлари кўламини кенгайтириш, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини жадал ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш юзасидан тегишли вазифаларни белгилаб берган эди.

Ўтган вақт мобайнида мазкур топшириқлар ижроси юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган 2021-2022 йилларда вилоятда умумий қиймати қарийб 20 триллион сўм тенг 600 дан зиёд инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Бунда тўқимачилик, қурилиш материаллари, электр техникаси, чарм-пойабзал, озиқ-овқат ва фармацевтика соҳалари “драйвер” бўлди.

Биргина 2022 йилда вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми 54,5 триллион сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 8,6 фоизга ўсди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 22,6 фоизга, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш 43,1 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 3,5 фоиз, қурилиш ишлари ҳажми 7,2 фоиз, чакана савдо айланмаси 11,3 фоиз, капитал қўйилмалар ҳажми 19,9 фоиз, хизматлар ҳажми 12,9 фоиз, ташқи савдо айланмаси 35,3 фоиз, экспорт ҳажми 27,3 фоизга ўсди.

2022 йил давомида 5 минг 406 та кичик бизнес субъектлари ташкил этилиб, рўйхатга олинган хўжалик субъектлари сони 42,2 мингтага етди. Шунингдек, фаолият кўрсатмаётган 1 минг16 та хўжалик субъекти  фаолияти тикланди. Натижада 14,7 мингта иш ўринлари яратилди. Вилоятда ўтган йили умумий қиймати 924 миллион АҚШ долларига тенг 633 та лойиҳа ишга туширилди. Бунинг натижасида 41,1 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди. Биргина қурилиш йўналишида 1,2 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 162 та лойиҳа амалга оширилди. Ана шу лойиҳаларнинг 135 таси ишга туширилди, 27 таси жорий йилда фойдаланишга топирилиши белгиланган.

Йил якуни билан 757,5 миллион долларлик шундан, 708,4 миллион доллар миқдорда саноат маҳсулотлари, 49,1 миллион доллар миқдорда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт қилиниб, белгиланган режа 111 фоизга бажарилди.

Вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2022 йилда 457,1 мингта иш ўринлари яратилиб, аҳолини иш билан таъминлаш дастури ижроси 105,2 фоизга бажарилди. Натижада ишсизлик даражаси 9,9 фоиздан 8,7 фоизга камайтирилди.

Аҳолини бандлигини таъминлаш, доимий даромад манбаини шакллантириш бўйича амалга оширилган ишлар натижасида қарийб 40 мингта камбағал оиланинг даромадларини  кўтаришга эришилди. Ёки 73 мингта оилаларнинг даромади 2,8 миллион сўмдан ўртача 4,5 миллион сўмга ортди. Натижада вилоятда камбағаллик даражаси 19,3 фоиздан 17,4 фоизга пасайди. 2022 йилда кичик бизнес субъектларига 5,1 триллион сўм миқдоридаги кредитлар ажратилиб, 42 мингдан зиёд иш ўринлари яратилди. Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида аҳолига 871,9 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилди.

“Темир дафтар” га киритилган 7 минг 290 оилага “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 6 миллиард 164 миллион сўмлик ёрдам кўрсатилди. Ишсиз 3 минг 892 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди. Натижада, 3 минг 369 та оила “Темир дафтар” дан чиқарилди.

Йил бошида 1 миллион 628,5 минг нафар хотин-қиз “Xotin-qizlar.uz” платформасига киритилди. Вилоятда “Аёллар дафтари” нинг 3-босқичига  63 минг нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд хотин-қиз киритилиб, уларнинг барчасига турли ёрдамлар кўрсатилди, муаммолари ҳал этилди.

“Ёшлар дафтари”га 20 минг 885 нафар ижтимоий-иқтисодий ёрдамга муҳтож бўлган ёшлар киритилиб, уларнинг 20 минг 488 нафарига ёрдам кўрсатилди.

Вилоятда “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида 32 та маҳалладаги 431 та объектда 370 миллиард сўмлик қурилиш ишлари бажарилди. Натижада 106 минг нафардан зиёд аҳолининг турмуш шароитлари янада яхшиланди.

Аҳолини уй-жой билан таъминлаш борасида ҳам муайян ишлар амалга оширилди. Жумладан, жами 3,2 мингта хонадонли 115 та уй-жой барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Шунингдек, “Янги

Андижон” шаҳрида 601 хонадонли 18 та ҳамда туман ва шаҳарлардаги қатор массивларда 98 та 2 минг 747 хонадонли кўп қаватли уй-жойлар қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Барча манбаалар ҳисобидан 287,7 миллиард сўм маблағ ҳисобига 176 объектда 854,4 километр ичимлик ҳамда оқава сув тармоғи, 150 та сув қудуғи, 18 та сув иншооти қурилди ва реконструкция қилинди. Натижада, вилоят аҳолисини ичимлик суви билан таъминланиш даражаси 84,2 фоиздан 85,5 фоизга ортди. Инвестиция дастури доирасида 347 километр масофадаги автомобиль ва ички йўллар таъмирланди.

Вилоятнинг турли ҳудудларида 93,4 гектар ер майдонига эга 20 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” лари ташкил этилди. Мазкур саноат зоналарида 2022-2023 йилларда умумий қиймати 902,1 миллиард сўмга тенг 900 та лойиҳа амалга оширилиши, 14,2 мингта янги иш ўринлари яратилиши белгиланган. 2022 йилда умумий қиймати 428,5 миллиард сўмлик 475 та лойиҳа амалга оширилиб, 6 минг 253 та янги иш ўрни яратилди.

Бундан ташқари, вилоятда тиббиёт, мактабгача таълим, таълим, туризм, қишлоқ хўжалиги, умуман, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг барча соҳаларида эътиборга молик ишлар амалга оширилди.

 

Фахриддин УБАЙДУЛЛАЕВ,  

Зухриддин УМРЗОҚОВ (фото),  

ЎзА