Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзуида халқаро семинар ўтказилди.

Унда Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сугуру Миязаки томонлар ўртасидаги ҳамкорлик ва мамлакатимизда энергия самарадорлигини ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар хусусида ЎзА мухбирига интервью берди.

–Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институти ва  Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)  мутахассислари Ўзбекистонда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини ошириш бўйича турли ечимлар тақдимотини ўтказди. Умуман, ташкилотимиз мамлакатингизда кўп йиллардан буён иқтисодий соҳаларда ҳамкорлик қилиб келади. Бу борада қилинаётган ишларнинг асосий мақсади  Ўзбекистоннинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига ҳисса қўшишдан иборат.

Бугун “Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзуимиз жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки биноларда, умуман, турли иқтисодий соҳаларда тежалган энергия, бу нафақат танқис бўлган энергия манбаларини унумли ишлатишга олиб келади, балки уни  бошқа соҳалар эҳтиёжи учун ишлатиш мумкин. Масалан, нефть-кимё  ва кўплаб тизимда ушбу манбага бўлган талаб қондирилади. Кўриб турганингиздек, бу амалга оширилган чораларнинг самарадорлиги ва иқтисодий натижадорлигини янада оширади.

Ташкилотимиз япониялик мутахассисларни Ўзбекистонга таклиф қилиб, мана шу  ечимлар тақдимотини ташкил қилиш билан чекланмайди. Аксинча, биз Ўзбекистон ҳукумати ва бу ердаги бошқа ҳамкорларимиз  билан биргаликда бу бўйича чораларни амалга оширишда ҳамкорлик қилишни давом эттирамиз. Бу ҳамкорлик техник кўмак ёки молиялаштириш, умуман, бизнинг музокараларимиз натижасида келишиб олинган ҳар хил   шаклларда амалга оширилиши мумкин.

 

ЎзА мухбири  

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА

ёзиб олди