Тошкентда Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (ФАР) ўртасида ФАР кўмагида лойиҳалар амалга ошириш ва барқарор ривожланишга ёрдам берувчи истиқболли ташаббусларни белгилашга бағишланган йиллик маслаҳатлашув ўтказилди.

Тадбир доирасида агентлик фаолиятининг 2022 йилдаги натижадорлиги қайд этилди, жорий йил учун мўлжалланган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ тадбирлар “йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йил ноябрь ойида Францияга давлат ташрифи ФАР ва мамлакатимиз вазирлик, идоралари ҳамкорлигини оширишга кучли туртки бергани алоҳида таъкидланди.

25-27 январь кунлари ФАРнинг Ўзбекистонда қаттиқ чиқиндиларни бошқариш, “яшил иқтисодиётни” ривожлантириш, чорвачилик ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳаларидаги умумий қиймати 814 миллион евролик 9 та лойиҳасини амалга ошириш жараёнини таҳлил қилиш учун техник йиғилишнинг биринчи босқичи бўлиб ўтди.

Маслаҳатлашув якунида икки томон делегация вакиллари энергетика, “Яшил иқтисодиёт”, шаҳарни ривожлантириш, сувдан фойдаланиш ва барқарор молиялаштириш соҳаларидаги қўшма лойиҳалар доирасида ҳамкорликни кенгайтириш истагини билдирди.

ЎзА