Қарор ва ижро

Энергетика вазирлиги ҳузуридаги Қайта тикланувчи энергия манбалари миллий илмий-тадқиқот институтида “Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар” мавзусида халқаро семинар ўтказилди.

Мазкур илмий муассаса ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда Энергетика вазирлиги масъуллари, соҳа олимлари ва мутахассислари иштирок этди.

Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз энергетика тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларда аҳолини электр энергияси билан барқарор таъминлаш баробарида ушбу манбадан самарали ва тежамкорлик билан фойдаланиш чора-тадбирлари ҳам кўрилмоқда.

Боиси, йилдан йилга табиий ресурсларнинг камайиб бориши ва электр энергиясига бўлган талабнинг ортиши кузатилаётганда, унинг самарадорлиги ва тежамкорлиги ҳам ўта муҳим вазифалардандир. Айни талаблардан келиб чиқиб, ўтказилган тадбирда энергия самарадорлигига эришиш йўлида амалга оширилаётган ишларни янада самарали ташкил қилиш ва бу жараёнда халқаро тажрибани ўрганишга эътибор қаратилди.

Энергетика вазирлиги бўлим бошлиғи Илҳом Самиев иқтисодиёт тармоқларида ёқилғи-энергия ресурслари тежалишининг мақсадли кўрсаткичларини таҳлил қилар экан, бу жараёнда ҳуқуқий, илмий ва амалий натижаларга эришилаётганини қайд этди.

– Энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантиришнинг ҳуқуқий базаси яратилди, – И.Самиев. – Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикасининг қонуни, фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли ҳужжатлари қабул қилинди. 2022-2023 йилларда вазирлик ва идораларнинг 6 мингдан ортиқ объектларда энергия сарфи ҳажмида муқобил энергия манбалари улушини 30 фоизга етказиш, 2030 йилга келиб энергия сиғимлилигини 1,5 марта камайтириш ва тахминан 8 ГВт қувватга эга қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш кўзда тутилган. Бунда қуёш энергияси 4 ГВт ва  шамол энергияси  4 ГВтни ташкил этади.

У, шунингдек, 2026 йилга қадар қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 25 фоизга етказиш эвазига йилига қарийб 3 миллиард  метр куб табиий газни тежаш ва энергия самарадорлигини камида 20 фоизга оширишга эришилганини таъкидлади.

Шунингдек, тадбирда давлатимиз раҳбарининг 2022 йил  2 декабрдаги «2030 йилгача Ўзбекистон Республикасининг «яшил» иқтисодиётга ўтишига қаратилган ислоҳотлар самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ижроси доирасида амалга ошириладиган ишлар натижасига ҳам тўхталиб ўтилди.

2022-2026 йилларда иссиқхона газларининг ялпи ички маҳсулот бирлигига нисбатан солиштирма ажратмаларини 2010 йилдаги даражадан 35 фоизга қисқартириш, саноат соҳасида энергия самарадорлигини камида 20 фоизга ошириш, қайта тикланувчи энергия манбаларининг ишлаб чиқариш қувватини 15 ГВтга ошириш ва уларнинг улушини электр энергиясини ишлаб чиқариш умумий ҳажмининг 30 фоизидан кўпроғига етказиш кабилар шулар жумласидан.

Япония халқаро ҳамкорлик агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Миязаки Сугурунинг таъкидлашича, семинарда таҳлил этилган мавзу жуда долзарб ва ечимини кутаётган масалалардан биридир.

– Бугунги тадбирда институт ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги мутахассислари мамлакатимизда энергияни тежаш ва энергия самарадорлигини оширишга олиб келадиган  турли ечимлар тақдимотини ўтказди. Умуман,  ташкилотимиз мамлакатингизда кўп йиллардан буён иқтисодий соҳаларда  ҳамкорлик қилиб келади. Бу борада қилинаётган ишларнинг асосий мақсади Ўзбекистонда иқтисодий-ижтимоий ривожланишга ҳисса қўшишдан иборат, – деди ваколатхона раҳбари.

«Дарҳақиқат, иқтисодий ривожланиш деганда, бугунги мавзумиз жуда муҳим аҳамиятга эга. Чунки биноларда, умуман,  турли иқтисодий соҳаларда тежалган энергия, бу нафақат  танқис бўлган энергия манбаларини унумли ишлатишга олиб  келади, балки уни  бошқа  соҳалар эҳтиёжини қондиришда ишлатиш мумкин бўлади. Масалан,  нефть-кимёда  ва кўплаб тизимда ушбу манбага бўлган талабни қоплайди. Кўриб турганингиздек, бу  амалга оширилган чораларнинг самарадорлиги ва иқтисодий натижадорлигини янада оширади», қўшимча қилди Миязаки Сугуру.


Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА, ЎзА мухбири