Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияси аъзолари 2022 йилги Давлат дастурининг ижросига бағишланган йиғилишда асосий эътиборни партия дастурий вазифаларидан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлаш, туризм ва инсон капиталини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича амалга оширилган ишларга қаратди.
Ҳукумат томонидан тақдим этилган ҳисоботга кўра, миллий иқтисодиётни жадал ривожлантириш ва юқори ўсиш суръатларини таъминлашнинг устувор йўналишлари бўйича кенг қамровли ишлар амалга оширилган. Хусусан, мамлакатда олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида 2022 йилда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 105,7 фоизни ташкил қилди.
— Инвестицияларни жалб этиш иқтисодиётимиз ривожида муҳим ўрин тутади. Шу маънода ўтган йилда инвестиция муҳитини янада яхшилаш ва унинг жозибадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди, — деди фракция раҳбари А.Ҳаитов. — Жумладан, 11,8 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, инвестиция дастурлари доирасида 12,6 мингта лойиҳани ишга тушириш ҳисобига 305 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.
Жойлардаги “Лойиҳа гуруҳлари”нинг фаолияти доирасида эса ҳудудий дастурларда кўзда тутилмаган 655 миллион долларлик 1 минг 776 та янги лойиҳалар ишга туширилиши эвазига қўшимча 31,6 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Эътиборли жиҳати, 15 миллиард долларлик товар ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Биргина 294 та маҳаллий экспорт қилувчи корхоналарга халқаро стандарт ва сертификатни жорий қилиш бўйича 41,3 миллиард сўмлик молиявий ёрдам кўрсатилгани туфайли корхоналар томонидан 987,2 миллиард долларлик экспорт қилинишига эришилди.
Шунингдек, йиғилишда ҳисобот даврида тадбиркорлик фаолиятини ташкил қилиш ва доимий даромад манбаларини шакллантириш учун шароитлар яратиш, хусусий секторнинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 80 фоизга ва экспортдаги улушини 60 фоизга етказишга қаратилган ишлар эътироф этилди.
Муҳокамаларда сўз олган депутатлар Давлат дастури ижроси доирасидаги ишларни ижобий баҳолаб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Баҳс-мунозаралардан сўнг Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботи маъқулланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА