Венесуэланинг Арагуа штатида қутқарув гуруҳи тошқин ва тупроқ кўчган жойдан 43 кишининг жасадини топишди, деб хабар берди мамлакат вице-президенти Делси Родригес.

Аввалроқ Венесуэла президенти Николас Мадуро 39 киши қурбон бўлгани ҳақида маълум қилган эди.

«Қурбон бўлганлар сони 43 кишига етди, қидирув ишлари тўхтагани йўқ», – деган Родригес VTV телеканали эфирида чиқиш қилиб.

Венесуэлада давом этаётган кучли жала Кариб денгизи орқали ўтаётган «Жулия» довули сабабли юзага келган. Якшанба куни кучли сув ва тоғ жинслари оқими Лас-Техериас туманига ёпирилган. Оқим уйларни вайрон қилган, дарёлар қирғоғидан тошиб, қишлоқ хўжалигига ҳам катта зиён етказган.

Офат ёпирилган ҳудудга минглаб қутқарувчилар ва аскарлар, озиқ-овқат ортган автомобиллар карвони жўнатилгани айтилмоқда. “Президент Мадуро тошқиндан зиён кўрган фуқароларга ва бизнесидан маҳрум бўлган тадбиркорларга пул ёрдами кўрсатишга кўрсатма берган”, дейилади хабарда.