«Гаров реестри» давлат унитар корхонаси директори Аҳмадхон Маматов мазкур саволга қуйидагича жавоб берди:
– Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 264-моддасида кўрсатилганидек, бир шахснинг бошқа шахсга мол-мулкни ёки унга бўлган ҳуқуқни, мажбуриятларни таъминлаш учун бериши гаров ҳисобланади. Гаров туфайли гаров билан таъминланган мажбурият бўйича кредитор (гаровга олувчи) қарздор томонидан бу мажбурият бажарилмаган тақдирда, гаровга қўйилган мол-мулкнинг қийматидан ушбу мол-мулк эгаси бўлган шахс (гаровга қўювчи)нинг бошқа кредиторларга нисбатан ўз талабини имтиёзли қаноатлантиришига ҳақли бўлади.
Бугунги кунда барча тижорат банклари, микрокредит ташкилотлари ва ломбардлар, шунингдек, бошқа хўжалик субъектлари ҳамда жисмоний шахслар гаров реестри хизматидан фойдаланмоқда. Зеро, гаров мулки банк учун кредит таваккалчилигини пасайтирса, қарз олувчи учун қарамоғидаги мол-мулкини гаровга қўйиш эвазига қулай, тез ва максимал даражада кредит олишига имкон беради.
Ҳозирда гаров реестридан реал вақт режимида интернет ахборот тармоғи орқали фойдаланиш имконияти таъминланган. Ўзбекистондаги бу тизим Халқаро молия корпорациясининг гаров реестри бўйича халқаро экспертлари томонидан юқори баҳоланмоқда.
Бугунги кунда гаровнинг заколат, ипотека каби турлари кенг оммалашган. Аслида ҳар қандай мол-мулк, шу жумладан ашёлар ва мулкий ҳуқуқлар (талаблар) гаров нарсаси бўлиши мумкин. Хусусан, интеллектуал мулк, инвентарь ва хом ашёлар, дебитор қарзлар, қишлоқ хўжалигининг кутилаётган ҳосили ва бошқа мулкларни ҳам жалб этиш мумкин. Кредиторлар томонидан молиялаштириш амалиётларини шундай таъминотлар гарови остида амалга оширишда таваккалчиликни камайтириш учун гаров реестри айнан қўл келади.
Ҳозирда фойдаланувчилар томонидан гаров реестрига 408 мингдан ортиқ ёзувлар киритилиб, 144 мингдан ортиқ ёзувларга ўзгартиришлар қилинди. 83 мингдан ортиқ ёзувлар гаров реестридан чиқарилган ҳамда гаров реестридан 3,8 мингга яқин кўчирмалар олинган.
Муҳим янгилик. Гаров реестрининг самарадорлигини ошириш мақсадида жорий йилда жисмоний шахслар учун гаров реестрида «биллинг» тўлов тизимини жорий этилиб, гаров реестри дастурий комплексининг мобил иловаси ишга туширилади.

 

ЎзА