Тошкент шаҳрида 25 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ва Беларусь Республикаси Бош вазири Роман Головченко бошчилигидаги ҳукумат делегациялари учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда кенг кўламли ҳамкорликни, жумладан, савдо-иқтисодий, саноат, транспорт-логистика, маданий-гуманитар соҳаларда янада ривожлантириш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Беларусь анъанавий равишда Ўзбекистоннинг муҳим ва ишончли савдо шериги бўлиб келган. Мамлакатларимиз иқтисодиёти бир-бирини тўлдиради. 2021 йил икки мамлакат ўртасидаги товар айирбошлаш қиймати 377 миллион долларни ташкил этди. Жорий йил бу кўрсаткични 500 миллион долларга етказиш бўйича саъй-ҳаракатларни янада фаоллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Сўнгги пайтда Беларусь ишбилармон доиралари вакилларининг мамлакатимизга қизиқиши кескин ортди. Айни жараёнда маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорга чиқиши учун тенг шароит яратилиши муҳим аҳамиятга эга.

Мавжуд шериклик қўшма саноат кооперацияси, жумладан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, фармацевтика ҳамда машинасозлик соҳаларида ҳам кенгаймоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон билан Беларусь ҳамкорлигини ривожлантиришда фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги, ўзаро савдони фаоллаштириш мақсадида мамлакатларимизда савдо уйлари ташкил этиш мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Транспорт ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш икки томон учун ҳам бирдек манфаатли экани қайд этилди. Бунда барча транспорт турларида юк ташиш учун зарур шарт-шароит яратиш, ҳудудлар орқали транспорт воситаларининг тўсиқсиз транзитини таъминлашга қаратилган ҳаракатларни давом эттириш лозимлиги таъкидланди.

Беларусь Бош вазирининг юртимизга ташрифи давомида ҳукумат раҳбарлари “Технопарк” мажмуасига ҳам бориб, бу ердаги ишлаб чиқариш тармоқлари билан яқиндан танишди.

Икки давлат вакиллари Марказий Осиёда саноат кооперациясини кенгайтириш, янги ривожланиш нуқталарини аниқлаш, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва мустаҳкамлаш ҳамда янги қўшма корхоналар ташкил этиш мақсадида жорий этилган “Иннопром. Марказий Осиё – 2022” халқаро саноат кўргазмасида ҳам иштирок этди.

Музокаралар натижасида илм-фан, таълим, маданият, туризм соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича кўплаб келишувларга эришилди.

Имзоланган ҳужжатлар кўп қиррали Ўзбекистон – Беларусь ҳамкорлигини яқин ва узоқ истиқболда жадал ривожлантиришга хизмат қилади.

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ, ЎзА мухбири