Аввал хабар берилганидек, Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди. Бугун, 1 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси Раиси Саҳиба Гафарова билан учрашуви бўлиб ўтди.

Мулоқотда томонлар Ўзбекистон-Озарбайжон муносабатларининг юқори суръатини, икки мамлакат ўртасидаги стратегик шериклик руҳидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик кенгайиб бораётганини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистон ва Озарбайжон раҳбарлари ўртасидаги очиқ ва ишончли муносабатлар икки томонлама алоқаларни ривожлантиришда мустаҳкам асос ҳисобланади.

Томонлар Ўзбекистон ва Озарбайжон туркий тилли давлатлар ташкилотларида фаол иштирок этаётганини таъкидлади.

Учрашувда парламентлараро ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ушбу йўналишдаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланаётганлиги, икки давлат қонун чиқарувчи органларида дўстлик гуруҳлари фаолият кўрсатаётганлиги қайд этилди.

Юқори даражадаги икки томонлама келишувларнинг амалга оширилишини таъминлаш, шу жумладан, парламентларнинг савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳаларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлаш бўйича ўзаро ҳамкорлигига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, парламентлар мутасадди қўмиталари ва комиссиялари ўртасида яқин алоқалар ўрнатиш, парламент делегациялари ўзаро ташрифларини ташкил этиш зарурлиги ҳам таъкидланди. Томонлар халқаро ташкилотлар ва парламентлараро тузилмалар доирасида алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва бир-бирини қўллаб-қувватлашдан манфаатдор эканлигини билдирди. Учрашувда ўзаро манфаатли бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.

Музокаралар якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Озарбайжон Республикаси Миллий Межлиси ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланди.

М.Комилова, ЎзА