Тошкент халқаро инвестиция форумининг иккинчи кунида ҳам турли мамлакатлар экспертлари иштирокида кўплаб сессия, учрашув ва давра суҳбатлари бўлиб ўтди.

Юқори даражадаги анжуман доирасида хорижий инвесторлар томонидан қатор йўналишларда муҳим таклифлар илгари сурилди. Тадбирда турли мавзудаги, яшил энергиядан инновацион саноатгача, қишлоқ хўжалигидан иқтисодиёт тармоқларини рақамлаштиришгача бўлган масалалар муҳокама қилинди.

Форум доирасида умумий қиймати 7 миллиард 833 миллион долларлик 164 шартнома имзоланди. Келишувларнинг 97 таси инвестициявий, 67 таси савдо битими. Хорижий инвесторлар, йирик хорижий компаниялар, вазирлик ва идоралар ҳамда маҳаллий корхоналар ўртасида тузилган ушбу шартномалар орқали мамлакатимиз тараққиётига хизмат қиладиган қатор лойиҳалар амалга оширилади.

«Ислоҳотлар ўтказишда макроиқтисодий барқарорликни сақлаш», «Янги таълим ва 50+келажак» каби муҳим мавзулардаги давра суҳбатлари, «Марказий Осиёнинг инвестиция салоҳияти», «Молия бозори – бозорни ривожлантириш драйвери сифатида», «Қишлоқ хўжалиги саноати учун янгиланган ишлаб чиқариш ва янги бозорлар», «Транспорт-логистика инфратузилмаси ривожланишидаги янги босқич», «Чакана савдонинг рақамли трансформацияси» мавзуларида панел мунозаралари қизғин муҳокамалар майдонига айланди.

В2В ва В2G форматидаги музокараларда тадбиркор ва ишбилармонлар муҳим масалаларни юзма-юз ҳал этиш имконига эга бўлишди. Ўзбекистонлик иштирокчилар томонидан ҳудудларимиз инвестицион салоҳияти юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.

Тадбир доирасида бўлиб ўтган, 300 дан зиёд хитойлик инвестор, 200 нафардан кўп маҳаллий тадбиркор иштирок этган Ўзбекистон – Хитой инвестиция форумида, асосан, саноат кооперациясида инновацион лойиҳалар амалга ошириш бўйича фикр алмашилди.

– Ўзбекистон – Хитой инвестиция форуми ҳар икки томонда катта қизиқиш уйғотди, – деди мамлакатимиз инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов. – Иштирокчилар диққат марказида бўлган фармацевтика, соғлиқни сақлаш, рақамлаштириш йўналишлари бўйича Хитойнинг йирик компаниялари мамлакатимизда амалга оширишни режалаштираётган лойиҳалар ҳақида маълумот берилди. Ҳозир икки давлат ўртасидаги савдо айланмаси 7,4 миллиард доллардан ошган. Бу олдинги йилларга қараганда икки баробар кўп. Шу кунга қадар республикамизга 8 миллиард доллардан ошиқ ХХР инвестицияси жалб қилинди. Бугунги кунда мамлакатимизда икки мингга яқин Хитой иштирокидаги компания фаолият юритмоқда.

Форумнинг иккинчи қисмида биргаликда инновацион саноат лойиҳаларини амалга оширишга келишилди. Келажакда ҳамкорликда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар нафақат қўшни мамлакатларга, балки узоқ чет давлатларга ҳам экспорт қилинади.

Бир сўз билан айтганда, биринчи Тошкент халқаро инвестиция форуми стратегик ташаббусларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш учун янги майдон вазифасини ўтади. Энг муҳими, халқаро бизнес ҳамжамиятига Ўзбекистоннинг улкан фойдаланилмаган салоҳиятини, мамлакатимизнинг қулай сармоявий имкониятларини намойиш қилди.

Гўзал САТТОРОВА,

Улуғбек МАҲМИРЗАЕВ,

Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,

ЎзА мухбирлари