Қорақалпоғистон Республикаси судида судлар томонидан ўтган 2021 йил мобайнида одил судловни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишларнинг якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатларининг раислари, Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди раисининг маърузалари тингланди.

Таъкидланганидек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилиш борасида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан ўтган йили 1872 та жиноят иши кўриб чиқилиб, 2020 йилнинг шу даврига нисбатан 38 фоизга кўпайган. Ҳисобот даврида 1240 нафар шахс судланган. Бу кўрсаткич Нукус шаҳрида, Қўнғирот, Тўрткўл, Амударё, Чимбой, Бўзатов, Мўйноқ, Нукус, Хўжайли ва Элликқалъа туманларида бир қанча ортган.

Фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан ўтган йил мобайнида оила муносабатлари билан боғлиқ 3280 та, битимлар билан боғлиқ 10774 та, меҳнат муносабатлари билан боғлиқ 901 та, уй-жой билан боғлиқ 334 та, зарарни қоплаш билан боғлиқ 280 та, коммунал тўловларни ундириш бўйича 69, ер билан боғлиқ 36 та, бошқа мавзудаги низолар бўйича 593 та иш кўрилган.

Иқтисодий судлар томонидан тадбиркорлар ва хўжалик юритувчи субъектлардан келиб тушган 7184 та даъво ариза кўрилган бўлиб, шундан 5895 таси қаноатлантирилди. Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Маъмурий суди ва Нукус туманлараро маъмурий суди томонидан 2021 йил давомида амалга оширилган ишлар юзасидан ҳам маълумот берилди.

Тадбир якунида оммавий ахборот воситалари вакиллари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА