Пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, ҳукуматлараро комиссия йиғилишлари каби тадбирларда муҳим масалалар муҳокама қилинмоқда.
Бугун Кўксарой қароргоҳида Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги ялпи мажлиси бўлиб ўтмоқда. Тадбирда етакчи компания ва банклар, нуфузли халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар вакиллари иштирок этяпти.
– Анжуман ва унинг доирасидаги тадбирларда учинчи марта иштирок этяпман, – дейди Ислом тараққиёт банки минтақавий маркази раҳбари Иброҳим Шукрий. – Бу жараёнларда қатнашиб, юртингизда олиб борилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг самарасига гувоҳ бўляпмиз. Шу билан бирга инвесторларга яратилаётган имкониятларга ҳам шоҳидмиз. Йилдан-йилга мамлакатингизга келаётган компаниялар ҳажми сезиларли ортиб бораётгани бу фикримизга далил. Ўзининг аниқ мақсад ва концепциясига эга инвесторларнинг ҳеч бир таклифи эътибордан четда қолмаяпти. Ислом тарақққиёт банки вакили сифатида бу жараёнларда қатнашиб, ҳукумат билан бирга муҳим лойиҳаларни амалга ошираётганимиздан мамнунмиз. Ҳамкорлигимиз давомий бўлишига умид қиламиз.
Кеча форумда Президентингизнинг нутқини диққат билан эшитдим. Нутқни инвесторлар алоҳида қўллаб-қувватлади. Улар таклиф этилаётган имкониятларни маъқулламоқда. Яъни тақдим этилаётган имтиёзлар салмоғи инвесторларга мотивация бўлмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ,
ЎзА