Бугун, 15 декабрь куни эрта тонгда Бирлашган Миллатлар ташкилоти Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг гуманитар юки ортилган иккита махсус юк машинаси Термиз орқали Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳрига жўнатилди.
Мазкур юк БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Афғонистонни қўллаб-қувватлашга қаратилган сайьи-ҳаракатларининг бир қисми бўлиб, афғон халқига ҳаётий ёрдам кўрсатишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Инсонпарварлик ёрдами БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг Сурхондарё вилоятидаги «Termez Cargo Centre»да Ўзбекистон ҳукумати кўмагида ташкил этилган гуманитар марказидан юкланиб, қўшни давлатга юборилди. Замонавий терминал Ўзбекистон – Афғонистон чегарасидан икки километр узоқликда жойлашган бўлиб, бу ерда юкларни сақлаш ва қўшни мамлакатга жўнатиш учун етарли шароит яратилган.
Афғонистонга юборилган дастлабки қирқ тоннага яқин гуманитар юк ошхона анжомлари, пластмасса қоплама ва бошқа зарур ҳаётий нарсалардан иборат. Гуманитар ёрдам юклари жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида ҳаво ва қуруқлик орқали Термизга етказилиб, «Termez Cargo Centre» терминалида сақланаётган эди.
–Биз, Ўзбекистон ҳукумати ва Термиздаги ҳамкорларни афғон халқига жуда зарур гуманитар ёрдам кўрсатиш учун доимий қўллаб-қувватлаётганини қадрлаймиз,– дейди БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармасининг катта маслаҳатчиси жаноб Франк Ремус.– Ҳозир изғирин совуқ олдидан миллионлаб афғонлар озиқ-овқат етишмовчилигига дуч келаётган бир пайтда уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва олдини олиш учун шошилинч ёрдам зарур. Бунинг учун «Termez Cargo Centre»даги гуманитар марказда барча қулайлик мавжуд. Марказ қўшни давлатга жуда яқин ҳудудда жойлашган. Бу юкни Афғонистоннинг Мозори Шариф шаҳридаги омборимизга олиб бориб, жойлаштирамиз. У ердан эҳтиёжмандларга тарқатилади. Келгусида қиш учун иссиқ кўрпа-тўшак ва бошқа зарур нарсаларни етказиб беришни мўлжаллаяпмиз.
БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссарлиги Бошқармаси Термизга гуманитар юкларини олдиндан жойлаштириб, Афғонистонда кутилаётган фавқулодда вазиятларга пухта ҳозирлик кўрди. Эндиликда гуманитар марказдан Термиздаги юкларни жўнатадиган муҳим пункт сифатида фойдаланилмоқда.
–Биз, яқин қўшнимиз Афғонистонда тинч, барқарор ҳаёт бўлишини истаймиз, – дейди “Афғон-Умид транс” масъулияти чекланган жамияти ҳайдовчиси Баҳодир Бўриев. – Ўзбекистон ва Афғонистонни Амударё ажратиб туради. Ўтмишда ҳам бу халқ билан муносабатларимиз жуда яқин бўлган. Савдо-сотиқ ривожланган. Мен қарийб йигирма йилдан буён юк машинасида Афғонистонга қатнайман. Ҳозир қўшниларимиз анча тинчиб қолишди. Қани эди дунё ҳамжамияти уларнинг инқироздан чиқиб кетишига кўмаклашса, балки, қўшниларимиз ҳаёти ҳам ўзгаришга юз тутармиди, деган ҳаёлларга бораман. Бу инсонпарварлик юкини олиб кетаётганимдан мамнунман.
БМТ Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси фаолияти давомида Афғонистондаги фавқулодда вазиятларни юмшатиш учун барча турдаги инсонпарварлик юкларини Термиз орқали жўнатади.
Холмўмин МАМАТРАЙИМОВ,
ЎзА