Халқ таълими вазирлиги эътиборига
Умумтаълим фанлари олимпиадасининг барча босқичларида амал қилувчи бир қатъий тартиб бор. Бу тартибни ўқитувчи ва ўқувчилар яхши билади. Гап фан олимпиадаси иштирокчисининг ёзма ва амалий ишлари, тест синовидаги натижалари ҳакамлар ҳайъати ва ташкилий қўмита аъзоларидан бошқа ҳеч кимга кўрсатилмаслиги билан боғлиқ тартиб хусусида бормоқда. Бу – 2009 йил 2 июндаги 1962-сонли қарорнинг 15-банди мазмуни. Мазмуни дейишимизнинг сабаби шуки, мазкур қоидани турлича ифодада учратдик.
Юзаки қараганда, рисоладагидек хулоса. Чунки аксарият ўқитувчи ва ўқувчилар ўзларини ҳақ санашади ва натижалар эълон қилингач, баҳс-мунозара бошланади. Шундай вазиятда расмий белгиланган тартиб ҳакамлар ҳайъати ва ташкилий қўмитани турли талаблардан ҳимоя қилади. Мана шу расмий меъёрий ҳужжатда натижа ва баҳодан қониқмаган ўқувчига апелляция комиссияси ҳузурида ўз ишини ҳимоя қилиш ҳуқуқи белгиланган.
«Билимдон ўқувчига бундан ортиқ яна қандай адолат керак?!»
Фан олимпиадасининг туман босқичи якунлангандан сўнг бу истеҳзоли жумлани мутасаддилар кўп бор ишлатишади. Улар ўқитувчи ва ўқувчиларни содда, ҳатто гўл, деб ўйлашади, чоғи. Кошки эди баҳслашиш бефойдалигини англаган ўқитувчи ва ўқувчи дарди ичида ортга қайтганини ўша валломатлар билишса… Йўқ, билишади ва сўзларининг таъсир кучидан фахрланиб, «ғолиб»ларни олқишлаш учун йўл олишади мийиқларида айёрона кулимсираб.
О, бундайларнинг қанча-қанчаси кўз олдимизда адолатсизликни шарафладилар. Неча йиллар уларнинг кўзларига жим боқиб, аламимизни ичимизга ютдик.
Ниҳоят, биз яшаб турган жамиятда ҳам янгиланиш ва ўзгаришлар шамоли эсмоқда. Шу маънода фан олимпиадасини ўтказиш тартибидаги эскирган қоидаларни ислоҳ қилиш долзарб заруриятга айланди. Акс ҳолда, изланувчан ўқитувчи ва билимдон ўқувчи қалбидаги безовталик давом этаверади.
2018 йил 12 январь куни исм-фамилиясини ошкор этишимизни истамаган ўқитувчи Наманган вилояти Тўрақўрғон туманидаги «Репетитор» газетаси таҳририятига келди ва бир туман фан олимпиадасида йўл қўйилган адолатсизликлар тўғрисида кўзида ёш билан сўзлаб берди.
Нажот излаётган муаллимадан, энг аввало, исм-фамилиясини яшириш сабабини сўрадик. Маълум бўлишича, бу ўша ўқитувчи ишлаётган мактаб директорининг илтимоси экан. Агар муаллима фан олимпиадасидаги ноҳақлик борасида бирор жойга шикоят қилса, у фаолият юритаётган мактаб турли текширишлар гирдобида қоларкан. Бу каби таҳдидларни эшитгач, ўзгаришлар даврида яшаётганингга ишониб-ишонмай ҳам қоласан киши. Муаллиманинг сўзларига қараганда, 9-синф ўқувчилари ўртасида она тили ва адабиёт фани бўйича ўтказилган фан олимпиадасида 1-ўринни эгаллаган ўқувчи 79 балл, унинг ўқувчиси эса 75 балл тўплаган. Ҳакамлар ҳайъати натижаларни ҳисоблашда ва тест жавобларини текширишда адашган. Энг асосийси, йўл қўйилган камчиликни ҳакамлар ҳайъати тан олган ва адолатсизликни «ёпди-ёпди» қилиш пайига тушган. Тазйиқлардан чўчиган муаллима мутасаддиларга «Хўп» дегану, лекин таҳририятга келиб дилидагиларнинг барчасини тўкиб солди. Биз унинг ҳолатини тўғри тушундик ва исм-шарифини ошкор этмадик. У эса тўлиб-тошиб ўз норозилигини ифодалади:
– Мен 1-ўринни эгаллаган ўқувчининг ёзма иши билан бир амаллаб танишдим. Ёзма иш умуман текширилмаган ва у хатога тўла. Унга текширилмасдан туриб юқори балл қўйилган. Фан олимпиадасини ўтказиш тартибидаги ёзма ишларни бошқаларга кўрсатмаслик борасида белгиланган қоидадан айрим ноинсофлар унумли фойдаланишмоқда. Аслида ғолибларнинг ёзма ишлари адолат ва намуна нуқтаи назаридан барчага намойиш қилиниши керак эмасми? Ғолибларнинг ёзма ишлари ва тест натижалари нима мақсадда яширилади ўзи?!
Ана – синовда шаффофликни таъминлаш мақсадида Давлат Тест марказида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Нима сабабдан бундай шаффофлик фан олимпиадасида жорий этилмаслиги керак?! Ўша 15-банд эса шаффофликка мутлақо зид. Ҳакамлар ҳайъатининг адолати қандай кафолатланади? Қолаверса, ўқувчиси фан олимпиадасида иштирок этаётган муаллим ҳакамлар ҳайъати аъзоси сифатида фаолият юритиши мумкинми? Боз устига, ўша ҳакамларнинг ўқувчилари ғолиблар сафида бўлса, бундан ким шубҳаланмайди? Ўша ўқувчилар четдан келишмаган-ку?! Уларнинг савияси бизга маълум-ку?! Оғриқлиси, адолатсизликдан изтироб чекаётган ўқувчилар ҳам «ғолиб» тенгдошларини жуда яхши танишади. Уларнинг зада бўлаётган умидларини ким қутқаради?
Бу бир изланувчан муаллиманинг мутасаддиларга саволлари.
Халқ таълими тизимида шу саволларга очиқ-ойдин жавоб қайтарадиган жўмард раҳбар борми?
Агар адолатни тиклашга ваъда беришса, ўша муаллима ўзини ошкор этишга ва барча ноҳақликларни далил асосида исботлашга тайёр!
Умумтаълим фанлари олимпиадаси вилоят босқичи бошлангунга қадар дастлаб тилга олинган ўша ғалати ва адолатсизликни ҳимоя қилувчи қоида ўзгаришидан умидвормиз!
Муҳаммад Вали,
«Репетитор» газетаси лойиҳа раҳбари
ЎзА