Миллий Олимпия қўмиталари ассоциацияси (ANOC)нинг Португалияда ўтказилган навбатдаги Бош Ассамблея йиғилишида Ўзбекистонда олимпия ҳаракатини янги босқичга олиб чиқиш йўлидаги ислоҳотлар, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик масалалари кўриб чиқилди.

Дунёнинг турли минтақаларида фаолият юритаётган 288 та миллий олимпия қўмиталаридан 850 делегат қатнашган Бош Ассамблеяда олимпия оламида сўнгги икки йилда рўй берган муҳим воқеликлар, бирдамлик дастури доирасида амалга оширилган ишлар таҳлил қилинди.

Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бах “Париж-2024” ёзги Олимпия ўйинлари юқори савияда ташкил этилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. “Дакар-2026” ўсмирлар ёзги Олимпия, “Милан-Кортина-2026” қишки Олимпия ҳамда “Лос-Анжелес-2028” ёзги Олимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича ташкилий қўмиталарнинг ҳисоботи тингланди.

Унда иштирок этган Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов етакчилигидаги мамлакатимиз спорт делегацияси Ассамблея доирасида Халқаро олимпия қўмитаси вакиллари шунингдек, ХОҚ Президентлигига номзод бўлган Иордания шаҳзодаси Файсал Ал Ҳусайн, Халқаро велосипедчилар иттифоқи раҳбари Давид Лапартен, Халқаро гимнастика федерацияси президенти Моринари Ватанабе каби жаҳон спорти мутасаддилари билан суҳбат ўтказди.

Мулоқотлар давомида Марказий Осиё мамлакатларида олимпия ҳаракатини юксалтириш, Ўзбекистонда жисмоний тарбия ва спорт ривожини янги босқичга олиб чиқиш борасидаги ислоҳотлар, “Тошкент-2025” ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик масалаларида фикр алмашилди.

Т.Рўзиев,

ЎзА