Корея Республикасининг Пусан шаҳрида қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича ёшлар ўртасида жаҳон кубоги ўтказилмоқда.
Бугун, 1 ноябрь куни қизлар ўртасида ўтказилаётган мусобақада яккалик йўналишда ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Қитъанинг маҳоратли ёш қиличбозлари иштирок этаётган ушбу баҳсларда ҳамюртимиз Гулистон Пердибаева бронза медалини қўлга киритди.
Ярим финалгача муваффақиятли иштирок этган «Ханчжоу-2022» ёзги Осиё ўйинлари ғолиби Гулистон Пердибаева финал остонасида ёшлар ўртасида жаҳон чемпиони хитойлик Симао Пан билан рўбарў келди.
Тенг курашлар остида кечган баҳсда ҳамюртимиз 14:15 ҳисобида имкониятни бой берди. Бу эса Гулистон Пердибаевага яккалик мусобақаларнинг бронза медалига эга чиқиш имконини яратди.
Энди қиличбоз қизларимиз эртага мусобақанинг жамоавий дастурида медаллар учун кураш олиб боради.
Т.Рўзиев, ЎзА