Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасига бириктирилган Нукус шаҳридаги 31-сонли умумтаълим мактаби ўқувчилари иштирокида фавқулодда вазиятлар ва уларнинг олдини олишга бағишланган ўқув машғулоти бўлиб ўтди.

Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда божхона ходимлари ва мактаб ўқувчиларига ёнғин содир бўлганда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар, ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, зилзила оқибати, бу жараёнда аҳолини хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилиш бўйича назарий ва амалий ўқув машғулотлари намойиш этилди. Фавқулодда вазиятларда, хусусан, зилзила, ёнғин, табиий офатлар рўй берганда тўғри ҳаракатланиш юзасидан тушунчалар берилди.

Ёнғинларни ўчиришда зарур бўладиган техник воситалар билан яқиндан таништириш мақсадида кўргазма ташкил қилинди ва улардан фойдаланиш тартиби тушунтирилди. Мутахассислар томонидан ёнғин содир бўлганда уни тўғри ва зарарсиз ўчириш қоидалари кўрсатиб берилди. Амалий машқларда ходимлар билан бирга ўқувчилар ҳам бевосита иштирок этиб, зарур билим ва кўникмаларга эга бўлди.

Тадбир якунида иштирокчиларга содир бўлган фавқулодда вазиятлар ёритилган видеоролик намойиш этилди.

Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири.