Марказий сайлов комиссиясининг бугунги йиғилишида сайлов жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимини такомиллаштириш борасида амалга оширилган ишлар хусусида Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Олег Пекос маълумот берди.

Қайд этилишича, Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими (СЖБАТ) ва Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини (СЯЭР) такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар режаси тасдиқланган. СЖБАТ ва СЯЭРни такомиллаштиришни кўзда тутувчи техник топшириқ ишлаб чиқилган ҳамда 2021 йил март ойида экспертизадан ўтказилган.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими Давлат персоналлаштириш марказининг маълумотлар базасига интеграция қилинган ва “Ўзбектелеком” АК маълумотларни қайта ишлаш марказидан алоҳида асосий ва захира серверлари ажратилган. Сайлаш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар тўғрисидаги маълумотлар онлайн тарзда (21,3 миллионга яқин сайловчи маълумотлари) ахборот тизимига юкланган.

СЖБАТга маълумотларни киритиш бўйича вилоят штабларига, Округ сайлов комиссиялари ва барча сайлов участкаларига СЖБАТга кириш имконияти (логин-парол) яратиб берилган ва ўрнатилган тартибда жойларга етказилган.

Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан Сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатини долзарблаштириш мақсадида Ички ишлар вазирлиги (судланганлар тўғрисида), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (муомалага лаёқатсизлар тўғрисида), Давлат хизматлари агентлиги (вафот этганлар тўғрисида) ҳамда Мудофаа вазирлиги (ҳарбий хизматчилар тўғрисида) Давлат персоналлаштириш марказига реал вақтда тақдим этувчи хизмат ишга туширилган.

Шунингдек, Божхона қўмитаси, Миллий гвардия ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги олий ҳарбий таълим муассасаларида таълим олаётган фуқаролар ҳамда муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган ва ҳарбий қисмлардаги фуқаролар тўғрисида электрон рўйхатни шакллантириш, ҳар бир фуқарога жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақамини бириктириш орқали сайловчиларнинг рўйхатига аниқлик киритилган.

Участка сайлов комиссиялари аъзоларини рақамли технологиялардан фойдаланиш кўникмаларига ўргатиш жараёнини ташкил қилиш мақсадида 30 нафар республика тренери тайёрланган. Улар томонидан ҳудудий миқёсидаги 797 нафар тренер шакллантирилган ва 3-босқичда жами 32 минг 856 нафар сайлов комиссияси аъзолари ўқитилган.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизими фойдаланувчиларига кўмак бериш, саволларига тезкор жавоб қайтариш ва юзага келган камчиликларни тезкор аниқлаш бўйича “UNICON.UZ” ДУК томонидан “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилган. “Call-марказ”га доимий фаолият юритувчи 10 нафар малакали мутахассис бириктирилган(1200 қисқа рақами ва 55-500-22-44).

Президентлик сайлови портали (saylov2021.uz) ҳамда Марказий сайлов комиссияси расмий веб-сайтининг янги талқини (saylov.uz) ишлаб чиқилган ва ишга туширилган. Маълумот учун қайд этиш жоиз, бир ой давомида 350 мингга яқин фуқаро Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтидаги ўз сайлов участкасини аниқлаш хизматидан фойдаланган.

Кадастр агентлиги билан ҳамкорликда округ ва сайлов участкалари ҳақида батафсил маълумот олиш имконини берувчи ҳамда қўшимча хизматларни кўзда тутадиган интерактив харита (геопортал) ишлаб чиқилиб, ҳозир сайлов порталида (https://saylov.uz/uz/map) синов тарзида ишга туширилган.

Сайлов участкаларини телекоммуникация хизматлари (интернет, телефон алоқаси) билан таъминлаш бўйича тўлиқ хатлов ўтказилган ва барча сайлов участкалари юқори тезликдаги интернет (камида 4 Мбит/сек) ва алоқа хизмати билан таъминланган. Сайлов участкаларининг 10 минг 428 таси (96,9 фоиз) оптик толали, 84 таси мобиль, 247 таси радиомост ва 6 таси сунъий йўлдош орқали юқори тезликдаги интернет билан таъминланган.

Вазир ўринбосарининг таъкидлашича, сайлов жараёнларининг шаффоф ва ошкора ўтказилишини таъминлаш мақсадида Марказий сайлов комиссияси томонидан тақдим этилган дислокация асосида 414 тавидеокузатув камераси ўрнатиладиган 207 та сайлов участкаларига оптик толали алоқа линиялари (100 Мбит/сек) ташкил этилган ва кузатув камераларини тўлиқ ўрнатиш ишлари якунланган. Мазкур видеокузатув камераларини Марказий сайлов комиссияси матбуот маркази ҳамда телевидениеда онлайн намойиш қилиш юзасидан техник ишлар амалга оширилмоқда. Ҳозирги кунда видеокузатув камераларида тест режимда кўриш имконияти яратилган (https://saylov2.uzcloud.uz).

Округ ва сайлов участкаларини телекоммуникация хизматлари билан таъминлаш (Интернет ва алоқа хизмати), уларнинг доимий ишлаб туришини таъминлаш ҳамда саволларга тезкор жавоб қайтариш бўйича алоҳида “Call-марказ” фаолияти йўлга қўйилган.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ҳамда Кадастр агентлиги масъул раҳбарлари бошчилигида ишчи гуруҳ тузилиб, жойларда ишларнинг ташкил этилганлиги, режалаштирилган ишларнинг ўз вақтида бажарилишини доимий ўрганиш амалга ошириб борилган ҳамда жойларда аниқланган хато ва камчиликлар маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда бартараф этилган.

 

Нурилло Насриев,  ЎзА