Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти кенгаши томонидан шу йилнинг 24 октябрь куни “Янги Ўзбекистон – Янги сайловлар” шиори остида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови олдидан брифинг ташкил этилди.

Унда партия масъул ходимлари, Олий Мажлис ва маҳаллий Кенгаш депутатлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари ва ижтимоий тармоқ фаоллари иштирок этди.

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Наманган вилояти кенгаши раиси Солижон Мўминов брифинг иштирокчиларига Марказий сайлов комиссиясининг 2021 йил 15 сентябрдаги қарорига асосан ЎзЛиДеП томонидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили сифатида рўйхатга олинган Наманган вилояти Нуронийлар жамоатчилик кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси Икромхон Нажмиддиновнинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Президентликка номзоднинг ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов сайловолди ташвиқотининг бошланиши ва унинг ҳуқуқий асослари ҳамда мақсад-вазифалари хусусида иштирокчиларга маълумот берди.

Таъкидлаб ўтилганидек, Марказий сайлов комиссиясининг жорий йил 17 сентябрдаги қарорига биноан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти 2021 йил 20 сентябрдан бошланиши белгиланди. Ишончли вакил шу санадан сайлов кампаниясини ўтказишда номзодга кўмаклашади. Давлат органлари ва жамоат бирлашмалари, сайлов комиссиялари билан бўладиган муносабатларда албатта, номзоднинг манфаатларини ифодалайди.

Демакки, бир ойдан кўпроқ давом этадиган фаолияти орқали ишончли вакил сайловнинг янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос тарзда очиқ, ошкора ва адолат тамойилларига мос ўтишига баҳоли-қудрат ҳисса қўшади. Сайлов кодексининг 44-моддасига мувофиқ, сайловга бир кун қолганда ва сайлов куни ташвиқот олиб бориш таъқиқланади. Айни шу сабаб шу йилнинг 22 октябрь куни ишончли вакилнинг фаолияти якунига етади.

Ишончли вакилнинг қайд этишича, тарғибот учрашувларини чекка ҳудудларгача қамраб олиш, унда номзоднинг беш йилликка мўлжалланган дастури мазмун-моҳиятини жонли мулоқотлар орқали аҳолига етказишга алоҳида эътибор қаратилади.

Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили Икромхон Нажмиддинов журналистлар ва блогерларни сайлов жараёнлари боришини қонун доирасида, энг асосийси, шаффоф ва холис тарзда ёритишда яқиндан ҳамкорлик қилишга чорлади.

 

Оқилхон Дадабоев,  ЎзА