Ўзбекистон “Адолат” социал демократик партиясидан Президентликка кўрсатилган номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг Навоий вилоятидаги ишончли вакили Рустам Ҳайитов иштирокида брифинг ўтказилди.

Унда ишончли вакил туман ва шаҳарларда ўтказиладиган тадбирларнинг календарь режаси ишлаб чиқилиб, сайловчилар билан бўладиган учрашувлар жонли мулоқот тарзида ўтказилишини таъкидлади.

Ишончли вакил Р.Ҳайитов Президентликка номзоднинг Сайловолди дастуридаги устувор вазифалар тўғрисида маълумот берар экан, тарғибот тадбирлари “Адолат – ҳаётимизнинг бош мезони!” шиори остида ўтказилиши, номзод сайловчиларга ўз дастурини партиянинг олдига қўйган мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ва жамиятда мавжуд муаммоларни теран англаган ҳамда “ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги керак”, деган ақидага қатъий амал қилган ҳолда таклиф этаётганини алоҳида қайд этди.

Бирифингда таъкидланганидек, сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, гуманитар ҳамда бошқа соҳалардаги ислоҳот ва янгиланишларни изчил давом эттиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган номзод ўз дастурида адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш, жиноятчиликка, порахўрликка, таъмагирликка, зўравонликка қарши муросасиз курашиш, прокуратура, адлия органлари ва суд тизими ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатиш, таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш,  аҳолига кафолатли тиббий хизмат кўрсатиш, тиббиёт ходимлари меҳнатини рағбатлантириш, замонавий технология ва даволаш усулларини кенг жорий қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини қайта шакллантириш каби устувор вазифаларни илгари сурмоқда.

 

Абдували Бўриев, ЎзА