Жиззах вилоятида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига кўрсатилган номзод Алишер Қодиров сайловчилар билан учрашди.

Юнус Ражабий номидаги Жиззах давлат мусиқали драма театирида ташкил этилган учрашувда 400 нафардан ортиқ сайловчи қатнашди.

Ушбу сайлов олди тадбирида Жиззах вилоятидаги МТДП фаоллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий кенгашлар депутатлари, бошланғич партия ташкилотлари аъзолари, нуроний отахон ва онахонлар, ҳунармандлар, спортчилар, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар, маҳалла фаоллари, кўп сонли сайловчилар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши раиси, номзоднинг ишончли вакили Сарвар Назарқосимов йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Ишончли вакил барчани сайловда фаол иштирок этишга ва Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан кўрсатилган номзодни қўллаб-қувватлашга чақирди.

Президентликка номзод Алишер Қодиров иштирокчиларни ўзининг сайловолди дастури билан таништирар экан, тарбия ва таълим, маънавият ва маърифат “Миллий тикланиш” демократик партиясининг энг устувор вазифаларидан эканини, сайловолди дастур айнан ушбу вазифалар асосига қурилганини таъкидлади.

Сайловолди дастури 5 та асосий йўналиш, жумладан, тарбия ва таълим, давлат бошқаруви, мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш, ижтимоий адолат, қадриятларга ҳурмат ва фуқаро эркинликларини таъминлаш, ташқи сиёсат соҳасини қамраб олган. Шу маънода, партия ўз ғояларини ҳаётга изчил татбиқ этган ҳолда сайловда фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Номзод “Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради” шиори остида аҳолининг йиллар давомида йиғилиб қолган муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, таълим-тарбия узлуксизлигини таъминлаш, миллий урф-одатлар ва қадриятларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш мақсадларни устувор билади.

– Бугунги сайлов олди учрашувида сайловчиларнинг катта қисмини ёшлар ташкил этгани бизни жуда қувонтирди, – деди Президентликка номзод Алишер Қодиров. – Чунки Ўзбекистоннинг келажаги айнан мана шундай ватанпарвар ёшларга боғлиқ. Шу сабабдан ҳам дастуримизда биз миллий қадриятларимизга таянган ҳолда Ўзбекистонни ўзгартирмоқчимиз.

Жиззахлик сайловчилар билан учрашувда Алишер Қодиров партия сайлов олди дастурига асосан “Янги авлод” Давлат дастури қабул қилиниб, “Оила – боғча – мактаб” ягона тизимга бирлаштирилишини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, номзод боғчалар давлат қарамоғига олиниши, тарбиячиларнинг иш ҳақиси оширилиши, боғча гуруҳларида болалар сонини 15 нафардан оширмаслик, мактабларда бошқарув, ўқитувчига муносабат ва тарбия-таълим ишлари тубдан ўзгартирилиши, ўқитувчиларга иш ҳақи камера кузатувлари асосида ҳисобланадиган рейтинг балларига мувофиқ белгиланиши МТДП сайлов олди дастурида аниқ ва лўнда қилиб белилаб қўйилганини, бунда энг яхши дарс берган ўқитувчи юқори, сифатсиз дарс берган ўқитувчи кам маош олиши, 10 йил ва ундан ортиқ вақт ўқитувчилик фаолияти билан шуғулланган педагогнинг ойлик маоши 50 фоизини устама сифатида қўшиб бериш тизими жорий этилишини, бундан ташқари, ўқитувчиларга 50 ёшдан нафақага чиқиш ҳуқуқи жорий этилишини алоҳида таъкидлади.

Тадбир якунида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодиров сайловчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Учрашувда турли соҳа вакиллари сўзга чиқиб, номзоднинг сайловолди дастури юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, иштирокчиларни сайловда Алишер Қодировга овоз беришга чақирди.

 

А.ҚАЮМОВ, Ж.ЁРБЕКОВ (сурат), ЎзА