Қуддус шаҳри мусулмонлар, яҳудийлар ва насронийлар учун ҳам бирдек муқаддас ва қадрлидир. Узоқ тарих давомида бу шаҳар гоҳ у, гоҳ бу томоннинг тасарруфида бўлган. Шу боис Қуддус шаҳрининг мақоми ҳозирги кунгача баҳсли бўлиб келади.
Бу ҳудудда ташкил топган Исроил ва Фаластин давлатлари ўртасидаги можаро барчага маълум. Уларнинг ҳар иккаласи Қуддус шаҳрини ўз пойтахти дея даъво қилиб келади. БМТ Бош Ассамблеясининг 1947 йил ноябрь ойидаги 181-резолюциясига кўра, Қуддус шаҳри халқаро назоратда бўлиши керак. Шу пайтгача бирор мамлакат Қуддусда элчихона очгани йўқ.
Ҳаммаси шундай давом этиб келаётган эди. Лекин яқинда АҚШ Президенти Дональд Трамп «Қуддусни Исроил пойтахти дея расман тан оладиган вақт етиб келди», дея баёнот берди. У АҚШнинг элчихонасини Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш бўйича тайёргарлик кўришга фармойиш берганини маълум қилди.
БМТ Бош Ассамблеяси АҚШнинг бу қарорини тан олмаслик тўғрисида резолюция қабул қилди. Ҳужжат 128 мамлакат томонидан маъқулланди, 9 давлат қарши овоз берган, 35 давлат бетараф қолди.
Жаҳон жамоатчилиги, жумладан, араб давлатлари етакчилари Дональд Трампнинг бу қарорини кескин танқид қилиб чиқди. Қуддус мақоми Исроил ва Фаластин ўртасидаги мулоқот доирасида ҳал этилиши кераклиги таъкидланди.
Исроил Қуддусни ўзининг ягона ва бўлинмас пойтахти деб билади. БМТ шаҳарнинг шарқий қисми қонунга зид равишда босиб олинганини таъкидлайди.
Шу боис АҚШ элчихонасининг Қуддусга кўчиб ўтиши ва бу шаҳарни Исроил пойтахти дея тан олиниши халқаро консенсусга мос келмайди. Ғарб мамлакатларининг кўпчилиги Қуддусни Исроил пойтахти сифатида тан олмайди. Фаластинликлар эски шаҳарни ўз ичига олган Шарқий Қуддус ўзларининг пойтахти дея эълон қилинишини даъво қилиб келади.
Тарихий манбаларга кўра, Қуддусга эрамиздан аввалги 4 минг йилликда одамлар келиб жойлашган. Ушбу шаҳар асрлар давомида турли империялар ҳукмронлиги остида бўлган.
Биринчи жаҳон урушидан сўнг Буюк Британия Қуддус шаҳрини ўз назоратига олади. Британия ҳукмронлиги йилларида Фаластиннинг маъмурий маркази бўлмиш Қуддус ғарбида янги шаҳар пайдо бўлади.
Иккинчи жаҳон урушидан сўнг Буюк Британиянинг Фаластиндаги ҳукмронлигига барҳам берилди. 1947 йил 29 ноябрда БМТ Бош Ассамблеяси «Фаластиннинг бўлажак ҳукумати» («Фаластинни бўлиш тўғрисида» номи билан машҳур) 181-резолюцияни қабул қилди. Унга кўра, Буюк Британия мандати остидаги Фаластинда иккита – араб ва яҳудий давлатлари ташкил этиш кўзда тутилган эди. Қуддус масаласида БМТ бошқарувида «махсус халқаро режим» тавсия қилинди. Махсус режим муддати 10 йил бўлиб, шундан сўнг референдум ўтказилиши, унинг натижасига кўра шаҳарликларнинг ўзи Қуддус мақомини белгилаши керак эди. Бироқ, бу режим ҳаётга татбиқ этилмади. Исроил ушбу режага рози бўлди, аммо Фаластин вакиллари резолюцияга боғланиб қолмасликларини айтишди.
1948 йил май ойида Буюк Британия мандати тугаб, инглизлар минтақани тарк эта бошлаши билан ўша йили Араб-Исроил уруши бошланди. 15 май куни Қуддус Иордания ҳарбийлари томонидан ҳужумга учради. Орадан бир неча кун ўтиб, Миср ҳарбийлари ҳам шаҳарга кириб келади. Исроил қуролли кучлари Қуддуснинг янги шаҳар қисмини қўлга киритди. 1948 йил 11 июнда томонлар ўртасида келишувга эришилди. БМТ элчиси Фольке Бернадот томонларга маъқул режани тақдим қилди. Унга кўра, томонлар шаҳарни интернационализациядан воз кечиши керак эди. Аммо ҳар икки томон бу режани қабул қилмайди.
Сентябрда граф Бернадот отиб ташланади. 1948 йил 7 июлда яна тўқнашувлар бошланиб кетади. Қуролли ҳужумлар тўхтаган 1948 йил сўнггига бориб Қуддус иккига бўлиниб қолди. Шарқий Қуддус ва Иордан дарёсининг Ғарбий соҳили араблар назоратида бўлса, Ғарбий Қуддус яҳудийлар назоратига ўтди. 1949 йил 3 апрелда сулҳ имзоланди.
1949 йил декабрида бош вазир Д.Бен-Гурион «Яҳудийлар Қуддуси»ни Исроил давлатининг таркибий қисми ва бўлинмас пойтахти дея эълон қилди ҳамда пойтахтни Тель-Авивдан Қуддусга кўчириш таклифини илгари сурди. 1949 йилнинг 26 декабрида Исроил Кнессети (парламент) ўз мажлисларини Қуддусда ўтказиши бўйича қарор қабул қилди, 1950 йил 23 январда эса Қуддус Исроил пойтахти дея эълон қилинди. «Қуддус тўғрисида» ва бу шаҳарда ҳукумат биноларини қуриш ҳақида резолюция қабул қилинди. Ўша йилнинг март ойида Қуддусда Кнессетнинг биринчи мажлиси ўтказилди.
1967 йилда «Олти кунлик» уруш натижасида Исроил Шарқий Қуддусни эгаллаб олди ва Ғарбий Қуддус билан бирлаштирди. Бироқ БМТ бу қарорни тан олмади. Шундан бери Исроил Қуддусни ягона ва бўлинмас пойтахти эканини айтиб келади, бироқ Фаластин Шарқий Қуддус ўзининг пойтахти бўлиши кераклигини таъкидлайди.
1997 йили Фаластин Қонунчилик Кенгаши 2002 йилда Фаластин Миллий маъмурияти раиси Қуддус Фаластин давлатининг пойтахти эканлиги тўғрисидаги қонунни имзолаши керак, деган қарор қабул қилган эди. Бироқ, БМТга аъзо 100 дан ортиқ мамлакат тан олган бўлишига қарамай, Фаластин давлати ҳамон тўлиқ ташкил этилмаган.
БМТнинг яқинда қабул қилинган резолюциясини нега 128 давлат маъқуллади? Чунки, бу мамлакатлар Қуддус Исроил давлати пойтахти дея тан олинишини БМТ томонидан қабул қилинган резолюцияларга мос келмаслигини айтади. Шундай экан, “Қуддус атрофидаги баҳслар қандай ҳал этилиши керак?” деган савол туғилиши табиий. Бу саволга “БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 1947 йил 29 ноябрда қабул қилинган 181-резолюция ҳаётга татбиқ этилиши керак”, дея жавоб бериш мумкин.
Шарофиддин Тўлаганов,
сиёсий шарҳловчи
ЎзА