Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети раҳбарияти қўллаб-қувватлаши билан ушбу олийгоҳнинг Журналистика таълим йўналиши 4-курс талабалари Нукус шаҳридаги янгидан ишга тушган қатор саноат корхоналарига ва ижтимоий объектларга илк бор пресс-тур ташкил қилди.

Қуйида ушбу пресс-тур тафсилотлари ҳақида талабалар томонидан тайёрланган хабарни эътиборингизга ҳавола қиламиз.

 

27 декабрь. Эрталабки соат 08:30. Университетимиз бош биноси олдида гуруҳимиз билан жамулжам бўлдик. Бу галги мақсадимиз – талаба-журналистлар учун илк маротаба ташкиллаштирилган пресс-турни аъло даражада ўтказиш. Тажриба танқислигини ҳисобга олмаганда бизда деярли ҳеч қандай камчилик йўқ: журналист, режиссёр, фотограф – ҳаммаси ўзимиздан. Пресс-тур доирасида «Nukus Polimer», «Samsung Nukus», «Panamilk» корхонолари ҳамда Олимпия ва Миллий спорт турлари бўйича ихтисослаштирилган Республика олий спорт маҳорати мактабига сафар уюштирилди.

 

Биринчи манзил – «Nukus Polimer»

Мўлжалимиздаги манзиллар  Нукус шарҳрининг ўзида жойлашганлиги сабабли йўлга кўп вақт кетмади. Илк объектимиз Марказий Осиёдаги энг йирик полимер маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи саноат корхонаси – «Nukus Polimer» МЧЖ бўлди. Салобатидан савлат тўкиладиган бу корхонанинг иш жараёнини кузатар эканмиз, ҳайратимизни яшира олмадик. Тўрт хил қалинликдаги қувурларни ишлаб чиқарадаган ушбу корхонага 2016 йилда асос солинган бўлиб, ҳозирги кунда 100 га яқин ишчилар корхонанинг самарали фаолияти учун ўз ҳиссасини қўшмоқда. Ишчилардан аксариятини ёшлар ташкил этади.

– Корхона маҳсулоти учун ҳом-ашёлар «Устюрт кимё-газ комплекси» ва «Шўртон кимё-газ комплекси»дан олиб келинади. Корхона Хитойнинг «LIANSU» компаниясида ишлаб чиқарилган энг сўнгги, замонавий технологиялар билан тўлиқ таъминланган. Деярли барча жараён автоматлаштирилган, ҳеч қандай оғир қўл меҳнатидан фойдаланилмайди. Корхонада ҳеч қандай чиқинди чиқмайди. Сифати паст ёки яроқсиз полимерларга шу заҳоти-ёқ қайта ишлов берилади», – дейди корхона цехи раиси Ботир Рахимов.

 

Иккинчи манзил – «Samsung Nukus» қўшма корхонаси

Кундалик ҳаётимизда ҳар куни фойдаланиладиган маиший техникаларнинг кўпчилиги «Samsung» бренди остида ишлаб чиқарилган. Улардан ҳар куни фойдалансак ҳам унинг қандай ишлаб чиқарилишига ҳеч қизиқмаган эканмиз. «Samsung  Nukus» қўшма корхонасига ташрифимиз чоғида биз айнан шу жараённи кузатиш бахтига муяссар бўлдик. Корхонада кунига 13 турдаги чангютгичдан 900-1000 дона, 4 хилдаги телевизордан эса 400 дан ортиғи ишлаб чиқарилади. Корхонада 200 та ишчи учун махсус дам олиш хоналари, кутубхоналар, ошхона, минифутбол, волейбол, баскетбол майдончалари ташкил этилган.

– 2018 йилдан бошлаб махсулот сонини орттириш (чангютгич 1300 дона, телевизор 600 донага ошади), шунингдек, микротўлқинли печларини ҳам ишлаб чиқариш мўлжалланган, – дейди корхона лаборатория раиси Эркин Абдурахманов.

 

Учунчи манзил – «Panamilk» сутни қайта ишлаш корхонаси

Тадбиркор Тимур Панаев

Талабалар «Panamilk» сутни қайта ишлаш корхонаси ишлари билан ҳам яқиндан танишишди.

Бу корхонани Италия ва Россияда ўқиб, тажриба орттириб келган Тимур Панаев бошқармоқда. Корхона 2014 йилнинг январь ойида ишга тушган бўлиб, дастлаб 300 литр сут билан ўз ишини бошлаб, уч ҳил махсулот ишлаб чиқарган бўлса, бугунги кунда кунига 5 тонна сутдан 55 ҳил сут махсулотларини ишлаб чиқармоқда. “Панамилк” сут махсулотларини қайта ишловчи корхонаси Италия ва Болгариядан олиб келинган замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

  • Дастлаб маҳаллий фермер хўжаликларидан сут олиб махсулот ишлаб чиқардик, аммо, талаб ортиши билан бизга янада кўпроқ ва соф сут керак бўлди, – дейди корхона раҳбари Т.Панаев. – Шу сабаб биз Германиядан Қорақалпоғистон иқлимига мослашадиган 60 бош қора молларни ва Австриядан заанен наслли 300 бош эчки олиб келдик. Бугунги кунда бу моллардан кунига 17 литрдан 21 литргача сут олмоқдамиз. Эчкилардан бўлса, пишлоқ махсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланмоқчимиз, сабаби дунё тажрибасида пишлоқ махсулоти эчки сутидан ишланади.

Корхонада икки сменада 20 одам ишлайди. Олиб келинган сут махсулотларининг фойдаланишга яроқлилигини текширувчи Болгариядан олиб келинган лабораториялик асбоб сутнинг 6та хосиятини 120 сония ичида текширувдан ўтказади ва аниқлаб беради.

 

Тўртинчи манзил – спорт мажмуаси

Пресс-турнинг сўнгги манзили – Олимпия ва миллий спорт турларига ихтисослаштирилган  Республика олий спорт маҳорат мактаби бўлди.

Янгидан очилган мазкур спорт мажмуада республикамиз ёшлари спортнинг 11 тури, яъни эркин ва юнон-рум кураши, дзюдо, каратэ-до, таэквандо, бокс, оғир атлетика, қиличбозлик, белбоғли кураш, ўзбек жанговар санъати билан шуғулланиш имкониятига эга бўлиб, уларга тажрибали мураббийлар устозлик қилмоқда. Улар орасида Ашхабаддаги Осиё ўйинларида энг яхши ҳакам унвонига сазовор бўлган Нокисбай Данияров ҳам бор.

Спорт мажмуада спортчилар учун барча шароит яратилган, – дейди Н.Данияров. – 60 ўринлик овқатланиш жойи, 20 кишига мўлжалланган ётоқхона (2018 йилда 100 ўринга етказиш режалаштирилган), ҳар бир бўлимда ювуниш хоналари, оғир атлетика заллари ва ҳоказо.

Спорт мажмуа таркибида «Нуроний спортчилар уюшмаси» ҳам тузилган. Бул уюшманинг мақсади Нуроний спортчилар  тажрибасидан фойдаланиш ва маслаҳатларини олиш, уларга эътиборни кучайтириш,  энг асосийси – Қорақалпоғистонда спортни ривожлантиришга ҳисса қўшишдир.

2018 йилда мазкур спорт мажмуанинг иккинчи блогини қуриш назарда тутилган.

 

P/S: Талабалар томонидан ташкил қилинган пресс-тур сермазмун ва қизиқарли ўтди. Бўлажак журналистлар барча материалларни ўзлари ижод қилиб тайёрлади. 4та гуруҳга (Интернет, матбуот, телевидение ва радио) бўлинган талабалар пресс-тур давомида мутахассислар ва мутасаддилардан интервьюлар олишди, стэнд-ап тайёрлашди ва ҳоказо.

Энг асосийси илк бор ташкил қилинган мазкур тадбирда талабалар назарий билимларини амалиёт билан мустаҳкам боғлай олди ва юртимизда амалга оширилаётган буюк бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишди.

Бу каби тадбирлар давом этади.

 Пресс-турдан фото-лавхалар:

Дилафруз Айтбаева

Дурдана Оразбаева

Қорақалпоқ давлат университети Журналистика таълим йўналиши 4-курс талабалари

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги учун махсус