Бу ҳақда давлатимиз раҳбари айни пайтда давом этаётган Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумидаги нутқида алоҳида таъкидлади.

– Бугунги кунда олий маълумот талаб қиладиган 80 мингга яқин бўш иш ўринлари мавжуд. Мисол учун, транспорт, геология, қишлоқ хўжалиги, маданият, спорт соҳаларида билим ва малакаси етарли бўла туриб, олий маълумоти йўқлиги учун, минглаб ёшларимиз ишга кира олмаяпти.

Шу боис, жорий йилда олий маълумот талаб этадиган касб ва лавозимлар қайта кўриб чиқилади ҳамда уларнинг камида 150 таси бўйича бундай талаб бекор қилинади. Бундай енгиллик туфайли 10 мингдан ортиқ ёшлар ишга жойлашади.

Қолаверса, мактабларнинг 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб ва ҳунарларга ўқитиш тизими йўлга қўйилади.

Бу борада, Андижон вилоятида жами 41 минг мактаб битирувчиларининг 25 минг нафарини касб-ҳунарга ўргатиш орқали, бандлигини таъминлаш бўйича тажриба, барча ҳудудларда кенг қўлланилиши керак.

Бундан буён мактаб битирувчисига аттестат беришда меҳнат бозорида талаб юқори бўлган камида битта касб ёки ҳунарни эгаллаш мажбурий қоида бўлади.

Бу тизим давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат таълим ташкилотлари билан бирга йўлга қўйилади.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳар йили 1 сентябрга қадар мактаблар кесимида 10-11-синф ўқувчиларини меҳнат бозорида эҳтиёж юқори бўлган касб-ҳунарларга ўқитиш рўйхати ва дастурини маҳаллий кенгашларда муҳокама қилиб, тасдиқлайди.

Парламентимиз палаталари ушбу талабни қонун даражасида мустаҳкамлаши мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Ўйлайманки, ушбу ташаббусни барча ота-оналар қўллаб-қувватлайди. Чунки, касб-ҳунар эгаллаган инсон бировга муҳтож бўлмайди, бузғунчи ғояларга берилмайди, ҳаётда албатта ўз йўлини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА