Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ёшлари ва талабалари форумида алоҳида таъкидлади.

Маълумки, бу йил мамлакатимизда мактаблар, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларини қарийб 560 минг нафар ёшлар тамомлаб, мустақил ҳаётга қадам қўяди.

Шу боис, ёшларнинг бандлигини таъминлаш давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.

Президент бунда қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилишини маълум қилди.

Биринчидан, ҳар ўқув йили якуни билан туман, шаҳар, вилоят ва республика даражасида битирувчилар бандлигини таъминлашга оид дастурлар қабул қилиш амалиёти йўлга қўйилади.

Дастурда ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида қанча ёшларни касб-ҳунарга ўқитиш, қанчасини иш билан таъминлаш, нечта стартап ва тадбиркорлик лойиҳаларини амалга ошириш белгиланиши шарт.

– Бу бизнинг ёшлар билан янгича ишлаш бўйича “бандлик”, “инновация” ва “инвестиция” дастуримиз бўлиб хизмат қилади. Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳамда секторлар раҳбарлари ҳар ҳафтада бир марта ёшлар билан учрашиб, уларнинг ғоя, таклиф ва ташаббусларини эшитиб, муаммоларини ҳал қилишга масъул ва жавобгар бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

 

ЎзА