Таниқли журналистлар Аҳмаджон Мелибоев ва Ҳусан Эрматовларнинг ЎзА сайтида эълон қилган мақолаларини ўқиб.

Устоз журналистларимиздан бири айтарди, хабар ёзаётганда пресс-релиздан фақат факт ва рақамларни олиш зарур, уни бошдан оёқ кўчириш мухбирнинг иши эмас, деб. Йил давомида иш столимда йиғилиб қолган пресс-релизларни кўздан кечираяпману тилимга бир гап келди. Ҳеч хавотир олманг устоз, бугун уларнинг кўпчилиги кўчиришга ярамайди. Тумтароқ жумлалар билан тўлдирилган, янгилик тугул, тайинли маълумот бўлмаган номадан фойдаланиш кимга ҳам керак!

Мана шундай пресс-релиздан бир парча:

«…Аждодлар хотирасини ёд этиш, юртимиз тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларга чуқур ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардандир. Ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли саъй-ҳаракатлар, изчил ислоҳотлар юртимизда инсон шаъни, қадр-қиммати нечоғлик юксак қадрланаётганидан, ёши улуғ инсонларни эъзозлаш эса маънавий ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб бораётганидан далолат беради…»

Шу каби жумлаларни олиб ташласа икки қатор ҳам тайинли маълумоти йўқ бу нома сиёсий партияларимиздан бирининг 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказган давра суҳбатига тегишли. Унда қатнашиб, ташкилотчиларга «аттанг» деганим ёдимга тушди.

Тадбирнинг асосий меҳмонлари – Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийларига сочиқ ҳадя қилиш билан «чуқур» иззат-икром кўрсатилди. Кексапарвар экансиз, буларни (фахрийларнинг аксарияти 90 ёшдан ошганлар эди) овора қилиб, иссиқ жойидан турғизиб, олиб келиш ўрнига хонадонига бориб зиёрат қилсангиз тўғри эмасмиди… Пресс-релизда баландпарвоз гапларни ёзгунча ўша қарияларнинг ҳаёти, қилган ишлари ҳақида маълумот беринг эди. Дилда шундай эътирозлар билан хабарни ёздим.

Пресс-релиз қандай бўлиши керак аслида ? 

Пресс-релиз инглизча сўз бўлиб, унинг луғавий маъноси матбуотга узатиш демакдир. Яна ҳам аниқроқ айтганда пресс-релиз бирон ташкилот матбуот хизматининг оммавий ахборот воситалари учун тайёрлаган хабарномасидир. Манбаларда тарихдаги энг биринчи пресс-релиз 1906 йил 28 октябрда АҚШда юз берган темир йўл ҳодисаси ҳақидаги ахборот матни бўлганлиги таъкидланади. Фожиа тафсилотлари берилган ўша пресс-релиз Нью Йорк Таймс газетасида сўзма-сўз берилган экан.

Пресс-релиз ёзишда йиллар синовидан ўтган қоидалар мавжуд. Улар ичида энг асосийси эса тақдим этилаётган ахборотнинг янги ва қизиқарли бўлишидир. Энди тасаввур қилинг, уй бекасининг кир ювиши, ёки ҳовли супуриши, умуман рўзғор юмушлари билан шуғулланаётгани ўқувчи учун янгиликми? Албатта, йўқ. Аммо, у қайсидир ноёб гулни ўстираётган бўлса, парвариш сирлари фақат ўзига маълум бўлса-чи? Ҳа, бунга қизиқиб қоламиз.

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2017 йил 12 октябрь куни “Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тизимида ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш” мавзуида ўтказган матбуот анжумани пресс-релизида ҳам қизиқарли хабар қайд этилган. Яъни, ишлар сарҳисобидан ташқари ташкилот фаолиятидаги энг сўнгги янгилик – китоб тарғиботи, савдоси борасида амалга оширилаётган бир нечта лойиҳа ҳақида маълумот бор эди. Унга кўра агентлик, “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси, “Ўзбекистон почтаси” акциядорлик жамияти, етакчи нашриётлар билан китоб маҳсулотларини нашриётлардан ҳудудларга арзон нархларда етказиш, онлайн буюртма бериш ва уларни почта орқали китобхонларга етказиб бериш бўйича махсус тизим ишлаб чиққан. Айни шу янгилик хабаримнинг шираси бўлди.

Қулоқсиз ука 

Билсангиз пресс-релизнинг «ука»си бор. Бу тадбир дастуридир. Дейлик, Халқ таълим вазирлиги ташаббуси билан инглиз тили фани ўқитувчиларининг семинари ташкил этилди. Дастурдан тадбирнинг кун тартиби, кимлар иштирок этаётгани, маърузалар мавзусини аниқ билиб олиш мумкин. Лекин бу “ука” баъзан “акаси”га панд бериб қўяди-да. Яқинда Бош қомусимизнинг 25 йиллигига бағишлаб ташкил этилган бир анжуманда англашилмовчилик бўлди. Тадбир мавзуси пресс-релизда бошқа номда, дастурда эса умуман бошқача ёзилган. Ташкилотчилардан сўрасам, хато ўтиб кетибди, тўғрилашга вақт
бўлмади, деб қўя қолишди. Ўша тадбирнинг эса қандай ўтганини сўрамай қўя қолинг…

Тадбирбоздан ҳамма безор! 

Ташкилот фаолиятида ҳақиқатда аҳамиятли янгилик бўлсагина матбуот анжумани орқали уни жамоатчиликка етказиш лозим.

Қанийди, бу қоидага баъзи ташкилот ва идоралар матбуот хизматлари амал қилса. Йўқ, улар амал қилмагани етмагандай, қуруқ ҳисобот учун қиладиган тадбирларини ёритиб беринг, деб хат жўнатишга уста бўлиб кетмоқда, назаримизда. Хат таҳририятга келиб тушдими, тамом. Навбатдаги сийқа хабар тайёр-да.

Энг қизиғи, бу каби ташкилотлар тадбирбоз бўлгани билан, давлатимиз раҳбари имзолаган муҳим ҳужжатлар ижросини таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишларнинг сарҳисобини сўрасангиз, худди косаси ичига кириб олган тошбақа бўлади-қўяди.

Жорий йилда олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар ҳақида маълумот олиш учун мутасадди ташкилотларнинг бирига мурожаат қилдим. Чунки айни мавзу юзасидан таҳлилий мақола ёзишим керак эди. Таҳлил бўлгандан кейин танқид ҳам бўлади. Шундан чўчишди шекилли, ташкилот ходимлари ҳозир вақтимиз йўқ, ишимиз кўп, «сентябрь ойида бир учрашинг» дейишди. Айтилган муддат келди ҳамки маълумотни ваъда қилган масъул тутқич бермайди. Ҳали мажлисда, ҳали хизмат сафарида. Унинг қўл остидагилар эса бизнинг бундай ахборот беришга ваколатимиз йўқ дейишдан нарига ўтмади…

Камтарини қидириб топ… 

Гапларимни ўқиб, бошқа ташкилотлар қандай экан, деб қизиқаётгандирсиз. Айримлари жуда камтар. Бундайлар қилган ишлари билан мақтанавермайди. Лекин жамоатчиликка эшикларини кенг очиб қўйган. Улардаги очиқлик сизни қизиқтирган масалалар бўйича ўз вақтида зарур ахборот олишингизга кўмак беради.

Бир гал Республика болалар кутубхонасидан репортаж тайёрладим. Пойтахтимизда фаолият кўрсатаётган зиё маскани ўша куни фойдаланувчилар билан гавжум экан:

– Билгандай тадбир устига келганингизни қаранг, – деди кутиб олган ходим. – Ҳозир севимли адиб Худойберди Тўхтабоев билан ижодий учрашув бўлаяпти.

Кутубхона фаолияти билан янада яқин танишганимдан сўнг, бу ерда китобхонликни тарғиб этиш, ёшларда мутолаа ва ахборот олиш маданиятини юксалтириш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар кўп бўлишини билиб олдим. Лекин, улар шунча ишни дўндиришса-да, оламга ҳадеб жар солмас экан…

 
Танганинг қирра томони 


Ростини айтсам, мақоланинг бошида тумтароқ жумлалар билан тўлдирилган, янгилик тугул, тайинли маълумот бўлмаган пресс-релиздан фойдаланиш кимга ҳам керак, деб катта кетиб қўйдим. Аслида бунақа «номалар» ишимизда ҳали ҳам асқатмоқда…

Ҳамкасбларимдан бири айтиб қолди. Ҳозир баъзи мухбирлар ҳатто пресс-релизни кўчиришга ҳам эринчоқ бўлиб қолган эмиш. Агар улар электрон вариантда пресс-релизни ололмаса, унинг босмасини олиб «сканер» қурилмасига солишади-да, тайёр бўлган нусхани махсус дастур орқали «word» ҳужжатга айлантиришади. Қарабсизки, маълумотларни қайтадан ёзишга ҳожат йўқ. Матнга сал қалам теккизиб, муаллиф дея ўз исм-шарифини қўйишса бўлди, қолган хатоларини навбатчи муҳаррирлар тўғрилаб қўяди.

Баъзан уй юмушларини ўз вақтида бажармасак, момогинам «Туянинг юки енгил бўлса ётонғич бўларкан-да», деб биз неваларни койиб қоларди. Бугун биз мухбирлар ҳам шундай танбеҳга арзиб қолгандекмиз. Масалан, бирон жойда қандайдир тадбир бўлиши керак. Аввало вақт тиғизлигини рўкач қилиб, ўша жойга бормасдан туриб маълумот олишга ҳаракат қиламиз. Агар бунинг уддасидан чиқа олмасак, тадбирга мажбуран ўтамиз. Келдик, лекин охиригача кузатиб, кўтарилган мавзуларнинг мағзини чақиш қаёқда дейсиз? Пресс-релиз, дастурни олишимиз билан, бирон «қаҳрамон»дан чала-чўлпа интервью оламизда, жўнаб қоламиз. Ваҳоланки, бунинг аксини қилиб, одатий тадбирдан ўқувчи учун янгилик, яхши мулоҳаза топиш мумкин.

Ўз-ўзига маломат… 

Яна бир камчилигимиз бор. Ахборотни ҳуда-беҳудага шишириб юборамиз. Мазмун қолиб кетиб, турли ҳужжатлардан иқтибослар келтирамиз, «таъкидлар»ни боплаймиз, тадбирнинг мақсади ҳақида кўп ва хўб «ўтлаймиз». Қўшиб-чатадиган интервьюларимиз-чи? У хоҳ шифокор, хоҳ ўқитувчи, хоҳ деҳқон бўлсин, бари «сиёсат тили»да гапиради. Баъзан эса аёл қаҳрамонимиз эркакчасига сўзлаб кулгуга қолади:

– Қишлоғимизда қурилган намунали уй-жойлардан бирига кўчиб ўтганимиздан жуда мамнунмиз, – дейди, Фалончихон Фалончиева – Бу ерда яратилган шароит турмуш ўртоғимнинг уй юмушларини ўз вақтида бажаришида катта қулайлик яратмоқда…

Таксига чиқсам, шофёр ким бўлиб ишлашимга қизиқди. Журналистлигимни эшитиб, ҳазил қилди:

– Сизларга бир гап айтиб бўлмайди, дарров ёзиб оласизларда, газетага чиқариб юборасизлар…

Ўзимча унинг гапини тасдиқладиму, ичимда зил кетдим. У айтгандай бўлиш учун журналистда журъат деганидан кўпроқ бўлиши керак-да. Бугун эса кўпчилигимизда ўша фазилат йўқ, машҳур «Тошкентга саёҳат» спектаклидаги хизматкорнинг аҳволига тушиб қолганмиз:

«Дорухонага борсаму, дорухона берк бўлсачи? Дорухона очиқ бўлсада сотувчиси йўқ бўлсачи? Сотувчиси ҳам бўлсин, лекин дорунинг ўзи бўлмасачи?…»

Шунга ўхшаш саволларни ўзимизга бера-бера ёзмоқчи бўлган мавзумиз қолиб кетади. Ёзилган тақдирда ҳам «бўлсачи-бўлмаса-чи…» деган иккиланишлар билан зарур танқидни, «чақадиган» гапни чиқариб ташлаймиз. Сип-силлиқ, маддоҳлик билан ёзилган мақоладан эса ўқувчининг кўнгли айнигани қолади…

Шунақа гаплар, мен сизга айтсам, азиз ҳамкасблар. Сизларда нима гап? Ишимиздаги камчиликлар, сусткашликларни йўқотишда жўяли таклифларингиз борми? Бўлса, тезроқ беринг! Вақт ғанимат…

 

Малоҳат Ҳусанова, ЎзА