Пойтахтимиздаги “Hyatt Regency Tashkent” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ҳамда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида «Банклар ва ритейл. Рақамли трансформация ва ҳамкорлик» мавзусига бағишланган халқаро форум ўз ишини бошлади.
Форумда Ўзбекистон ва МДҲнинг йирик халқаро хусусий корпорацияларининг 300 дан зиёд мутахассиси ва раҳбари иштирок этмоқда.
Форум аввалида Ўзбекистон Марказий банки раиси ўринбосари Илҳомжон Абдуғаффаров, Марказий Осиёдаги “Mastercard” компанияси бош директори Рафал Трепка, Марказий банк тўлов тизимлари департаменти директори ўринбосари Шуҳрат Файзуллаев, «Тинкофф» банкининг МДҲ орқали трансчегаравий ўтказмалар йўналиши раҳбари Михаил Шашилов ва бошқалар тўлов хизматлар бозорида эришилган ютуқлар ва келгуси йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган масалалар тўғрисида тақдимот қилди.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида етакчи ўринни эгаллаган ва иқтисодий ривожланишнинг локомотивларидан бири ҳисобланади. Мазкур форумни ўтказишдан мақсад соҳада тажриба алмашиш учун профессионал платформа яратиш, шунингдек, янги технологияларни намойиш этиш ва жорий қилиш, молия, банк ва чакана савдо соҳасида инновацион ечимларни ишлаб чиқиш ва рағбатлантириш ҳамда Марказий Осиё минтақасида самарали иқтисодий ҳамкорлик учун шарт-шароитлар яратишга йўналтирилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу форум банклар ва чакана савдо ташкилотлари ўртасида самарали мулоқотни йўлга қўйиш учун платформа вазифасини бажаради.
– Мазкур халқаро форумда Марказий банк томонидан сўнгги 3-4 йилда амалга оширилган ишлар, Ўзбекистондаги тўлов хизматлар бозорида эришилган ютуқлар ва келаси йилларда амалга оширилиши кўзда тутилган масалалар муҳокама этилди, – дейди Марказий банк тўлов тизимлари департаменти директори Улуғбек Маҳмудов. – Айтиш жоиз, мамлакатимизда сўнгги йилларда тезкор тўлов тизими, онлайн тизим, маҳаллий чакана тўлов тизимларининг ривожланиш тенденциялари ва уларни келажакда интеграция қилган ҳолда тўлов хизматлари бозорини кенгайтириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2020 йилнинг ўзида 25 дан ортиқ тўлов ташкилоти ташкил этилди. Мазкур форум эса мамлакатимизда амалга оширилган тўлов тизимининг халқаро даражага мувофиқ амалга оширилганлигини ва унда кўзда тутилган баъзи бир ечилиши лозим бўлган масалаларни очиб берди. Форумда хорижий давлатлар билан халқаро тўлов тизими бўйича тажриба алмашдик.
– Биз Ўзбекистон билан тўлов хизматлари бозорида бир неча йилдан буён ҳамкорликни йўлга қўйганмиз, – дейди латвиялик эксперт Идракас Дадасовас. – Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида иқтисодий ривожланишнинг локомотивларидан бири ҳисобланади. 50 йиллик эксперт сифатида Ўзбекистон бозорига тўхталадиган бўлсам, сўнгги икки йилда Ўзбекистонда рақамли иқтисодиёт бозори кундан кунга кенгайиб бораётганини кўряпмиз. Буни Ўзбекистондаги ҳамкорлигимиз мисолида ҳам айтиш мумкин, соҳа тезкор, мобил, замонавий тенденцияларга ҳамоҳанг ривожланаётганини кузатяпмиз. Бугунги форумда рақамли иқтисодиётнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Сўнгги вақтда Ўзбекистонинг рақамли иқтисодиёт бозори жуда ривожланиб боряпти. Эътиборга молик жиҳати, кундан-кунга сифатли тўлов хизматлари мижозларга тақдим этилмоқда.
Форум доирасида 30 дан ортиқ компания – етакчи халқаро брендлар томонидан кўргазма ташкил этилди. Унда инновацион технологиялар ва ечимлар тақдим этилди.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА