Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Фракция аъзолари дастлаб “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар.
Муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказганлик билан боғлиқ янги ҳуқуқбузарликлар турларини ва улар учун жавобгарликни белгилаш назарда тутилган.
Қайд этилганидек, киритилаётган қонун лойиҳасида жониворларнинг шафқатсизларча ўлдирилиши, кўнгилхушлик сифатида тириклайин ёқиб юбориш ҳолатлари майда безорилик сифатида малакаланиш ҳолатлари ҳам учраб турибди.
Ҳайвонларга нисбатан инсонпарварлик муносабатида бўлиш – бу тараққий этган жамият маданиятининг ажралмас ва ўта муҳим бўлган қисмидир. Умуман олганда, ўсимлик, ҳайвонот дунёси, атмосфера ва сув ресурсларига зарар етказиш бу ўзимизга зарар етказиш, қолаверса, келажак авлодга салбий таъсир кўрсатиш мумкинлигини ҳар биримиз англашимиз даркор, дея таъкидлади фракция аъзолари.
Йиғилишда кун тартибидаги навбатдаги масала “Давлат божи тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш киритиш ҳақидаги”ги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан биринчи ўқишда атрофлича муҳокама қилинди. Бугунги кунда санитария жиҳатидан тозалашга ихтисослаштирилган 15 та давлат ташкилотлар томонидан республика ҳудудининг 80 фоизи маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари билан қамраб олинган бўлиб, мазкур хизматлар билан қамров даражасини 100 фоизга етказиш бўйича чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, ҳудудларда маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш ишларида айрим муаммоларнинг мавжудлиги чиқиндилар билан боғлиқ самарали тизимни шакллантиришга ҳамда мазкур соҳага ихтисослаштирилган юридик шахслар манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга тўсқинлик қилмоқда. Жумладан, тўлов интизоми даражасининг пастлиги қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатувчи ташкилотларнинг молиявий кўрсаткичларига салбий таъсир кўрсатиб, асосий фондларни янгилаш ва хизматлар сифатини оширишга инвестиция киритиш имкониятларини чекламоқда.
Шунингдек, ушбу соҳага тадбиркорлик субъектларини жалб қилишга тўсиқ бўлмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ва унинг жойлардаги органлари чиқиндилар билан боғлиқ қарздорликларни ундиришда судларга киритадиган даво аризалари учун тўланадиган давлат божи бекор қилинмоқда.
Фракция аъзолари кун тартибидаги бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқдилар.
Нурилло НАСРИЕВ, ЎзА