Кўксарой қароргоҳида Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровни расмий кутиб олиш маросими бўлди.
Суратга тушиш маросимидан сўнг Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров шоҳсупага кўтарилди.
Ўзбекистон ва Қирғизистон давлат мадҳиялари янгради. Давлат раҳбарлари фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.
Шундан сўнг Президентларнинг тор доирадаги музокаралари бошланди.
Аввал хабар қилинганидек, Шавкат Мирзиёев ва Садир Жапаров Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалаларининг барча йўналишларини кўриб чиқадилар.
Давлат раҳбарлари делегацияларнинг кенгайтирилган таркибдаги музокараларида икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини, шунингдек, ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қиладилар.
Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, шунингдек, қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Матназар Элмуродов, ЎзА