Жорий йилнинг 3 март куни давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида уй-жой қурилиши ва ипотека бозорини ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур видеоселектор йиғилиши аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш ва бу борада уларнинг танлаш имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўтган тўрт йилда давлат дастурлари асосида 140 минг ёки йилига ўртача 35 мингдан уй-жойлар барпо этилган. Бу олдинлари йилига қурилган ўртача уй-жойдан 4-5 баравар кўп, дегани. Энг муҳими лойиҳа ва қурилиш сифатини ошириш, соҳани маблағ билан таъминлаш ва ҳалол-пок ишлатиш, малакали мутахассислар тайёрлаш каби кўплаб муаммоларни бартараф этиш лозим. Бундан буён ҳар бир вилоят (туман) ҳокими ўй-жой масаласида шахсан ўзи ичига кириб, аниқ ҳисоб-китобга эга булиб, ўй-жойларнинг нархини адолатли шаклантириш масалаларини кўриб чиқади. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимиз аҳолисининг уй-жойга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондириш учун йилига камида 100-150 мингта уй-жой қуриш керак.

Давлатимиз раҳбари ўй-жойларнинг нархини адолатли шакллантириш хусусида алохида тўхталди. Негаки, бугун уй-жойларга қўйилаётган нарх-наво одамлар учун оғир юк бўлиб қолмоқда. Бу масалага давлатимиз раҳбари томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани бежиз эмас. Аҳоли сони ўсиши билан уй-жойга бўлган эҳтиёж ҳам ошиши табиий. Чунки юртимизда уйга эҳтиёжи бор оилалар ҳали кўп.

Таъкидлаш жоизки, янги тартибда қуриладиган уйларнинг техник назорати ҳудудлардаги “Ягона буюртмачи хизмати”га юклатилди. Бунда молиялаштириш манбалари аниқ белгиланиши лозим.

Шунингдек, йиғилишда ҳар бир лойиҳа ипотека веб порталига жойлаштирилиши ва барча учун очиқ эълон қилиниши, уйларнинг бўлажак эгаси сифатни назорат қилиш имконига эга бўлиши кераклиги ва аҳолининг барча қатламларини уй-жой билан таъминлаш, бу борада танлаш имкониятини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади. Шу мақсадда жорий йилда 54 минг оилани уй-жой билан таъминлаш мўлжалланмоқда. Жумладан, давлат ипотека дастури доирасида жами 45 мингта уй қурилади.

– Бу йилдан бошлаб, ипотека кредити бўйича молиявий ресурслардан етишмовчилик ва чекловлар бўлмайди, ҳудудлар қўшимча таклиф билан чиқса, ижобий ҳал қилинади, – деди давлатимиз раҳбари. Асосий қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчиларнинг рентабеллик даражасини ҳисобга олган ҳолда, етказиб берувчилар билан тўғридан тўғри шартномалар асосида харид қилишга рухсат бериш мақсадга мувофиқ бўлади. Шу маънода зарур чора тадбирлар кўрилмоқда. Бу ҳам уй-жойлар нархи кескин ошишининг олдини олади. Умуман олганда, ҳар биримиз Давлатимиз раҳбарининг видеоселектор йиғилишида белгиланган ҳаётий вазифалар ижросини биргаликда бажариш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир.

 

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

 

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги