Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 4 мартдаги “8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан мукофотлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлиги, соғлом ва баркамол авлод тарбияси, оила ва жамият асосларини мустаҳкамлаш йўлидаги муносиб хизматлари учун бир гуруҳ хотин-қизлар юксак унвон, орден ва медаллар билан мукофотланди.
Вазирлар Маҳкамасида шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда тақдирланганлардан бир гуруҳига Давлатимизнинг юксак мукофотларини Президентимиз номидан Бош вазир Абдулла Арипов топширди.
Тақдирлаш маросимида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева иштирок этди.
Мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида хотин-қизларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеини мустаҳкамлаш, гендер тенгликни таъминлаш, оила, оналик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёллар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш, улар учун янги иш ўринлари яратиш, меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Тадбирда сўзга чиққанлар амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида аёлларимизнинг сиёсий-ижтимоий жараёнлардаги иштироки тобора кучайиб бораётгани, уларни ҳаётдан рози қилиш, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлишини таъминлаш, оғирини енгил қилиш борасидаги ишлар ўзининг юксак самараларини бераётганини таъкидлаб, камтарона меҳнатларини муносиб баҳолаётгани учун Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
Ўзбекистон Республикаси
Бош вазирининг Матбуот хизмати