![](https://cdn.uza.uz/2021/03/03/12/25/GyNZqvd1Dddv7i21r7kfJLVaB9PAJFbU_front.jpg)
ННТни қайта рўйхатдан ҳамда унинг рамзини давлат рўйхатидан ўтказиш муддати 1 ойдан 15 кунгача қисқартирилади. Ногиронлиги бўлган шахслар, фахрийлар, нуронийлар, хотин-қизлар, болалар жамоат бирлашмалари рамзларини давлат рўйхатидан (қайта рўйхатдан) ўтказиш учун давлат божи ундирилмайди. ННТнинг алоҳида бўлинмаси юридик шахс ҳисобланади, бунда алоҳида бўлинмаларни ҳисобга қўйиш тартиби бекор қилинади.
Маҳаллий ННТларни ривожлантиришга қаратилган дастур ва лойиҳаларни молиялаштириш учун Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондига давлат субсидияси ажратилади.
2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида жами 15 та коворкинг-маркази ташкил этилади.
Қарорга кўра, фаолиятини вилоят, туман, шаҳар, шаҳарча, қишлоқ ва овул ҳудудида олиб борадиган ННТ ҳудудий нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳисобланиб, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун БҲМнинг 50 фоизи миқдорида давлат божи ундирилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фондларини сақлаш харажатларига ҳамда уларнинг асосий фаолият йўналишларини амалга ошириши учун 1,1 миллиард сўмдан кам бўлмаган маблағ йўналтирилади.
ЎзА