Нукусда «Одил судловни таъминлаш – Қорақалпоғистон Республикасини коррупциядан ҳоли ҳудудга айлантиришнинг муҳим омили» мавзусида конференция бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Академияси олимлари, прокуратура, ички ишлар ва суд органлари, мутасадди соҳа раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Б.Матмуратов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг Қонунийлик, суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши курашиш масалалари қўмитаси раиси З.Реймова сўзга чиқиб, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар аввало инсан ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани, барча соҳалар каби суд-ҳуқуқ тизимида ҳам коррупциянинг олдини олиш ва муросасиз курашиш борасидаги ишлар ўз самарасини бераётганини қайд этди.

Коррупция жамият ривожига қарши қаратилган ҳаракат сифатида ҳар қандай жамият ва давлатда ижтимоий-иқтисодий муаммоларнинг келиб чиқишига сабаб бўладиган омил сифатида баҳоланади. Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқароларни одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабат шакллантирилмоқда. Сўнгги йилларда тизимда, жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида қонун устуворлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси ва Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси томонидан тасдиқланган «Йўл харитаси»да суд, прокуратура, тергов ва суриштирув органлари фаолиятига оид белгиланган устувор вазифаларнинг ижроси, мамлакатимизда бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ва «яширин иқтисодиёт»ни қисқартириш чораларини кўриш, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш юзасидан олиб борилаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти тўғрисида фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Аниқ рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, ўтган 2020 йилда Қорақалпоғистон Республикасида 77 нафар шахс коррупциявий жиноятни содир этгани учун жавобгарликка тортилган. Шундан халқ таълими соҳасида 9 нафар мансабдор шахс томонидан коррупцион жиноят содир этилган.

Тадбир иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олди ва «Йўл харитаси»даги топшириқларнинг ижросини таъминлаш юзасидан вазифалар белгиланди.

Конференцияда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари А.Давлетов иштирок этди.

 

Довуд Абибуллаев,

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА