2 март куни Олий Мажлис Сенати Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Равшанбек Алимов юртимизда бўлиб турган Ҳиндистон маданий алоқалар Кенгаши раҳбари, Ҳиндистон парламенти юқори палатаси аъзоси Винай Сахасрабудхе билан учрашди.

Мартабали меҳмон ҳиндистонликлар Ўзбекистонда барча жабҳаларда, жумладан, фуқаролик жамияти институтларини демократлаштириш ва мустаҳкамлаш жараёнида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни қизиқиш билан кузатиб боришаётганини билдирди. Унинг фикрича, мамлакатимизнинг бу борадаги ютуқлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Ҳиндистон Ўзбекистонни демократик ривожланиш йўлида доимо қўллаб-қувватлайди.

Мамлакатимизга илк бор ташриф буюрган Винай Сахасрабудхе ўзбек халқининг кўнгли очиқлиги, меҳрибонлиги ва ижодкорлиги, шу билан бирга Ҳиндистонга, ҳинд маданиятига нисбатан илиқ муносабати ва хайрихоҳлигини яққол ҳис этганини қайд этди.

Суҳбат чоғида томонлар сўнгги йилларда икки томонлама ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилганини, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-2019 йилларда Ҳиндистонга амалга оширган ташрифи кенг кўламли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратганини қайд этди.

Икки мамлакат тадбиркорлари ва маданият арбоблари ташрифини уюштиришни янада фаоллаштириш, савдо, инвестиция, таълим, тиббиёт, инновация, ахборот-коммуникация технологиялари ва сайёҳлик соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мавжуд салоҳиятидан кенг фойдаланиш муҳимлиги ва зарурлиги ҳақида якдил фикр билдирилди.

Ҳиндистон маданий алоқалар Кенгаши раҳбари маълум қилишича, у раҳбарлик қилаётган тузилма Ўзбекистон учун устувор бўлган таълим, тиббий хизмат ва туризм инфратузилмасини ривожлантириш каби йўналишларда ўзбекистонлик шериклар билан ҳамкорликни сезиларли даражада кенгайтиришни режалаштирмоқда. Мулоқот давомида парламентлараро алоқалар истиқболи ҳам кўриб чиқилди. Мазкур йўналишдаги алоқаларни ривожлантиришга Ўзбекистон Олий Мажлиси палаталарида Ҳиндистон парламентининг юқори ва қуйи палаталари билан ҳамкорлик қилиш мақсадида тузилган гуруҳлар салмоқли ҳисса қўшаётгани таъкидланди.

Парламентлараро мулоқотни фаол тарғиб қилиш бундан кейин ҳам ҳамкорликдаги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилишига ишонч билдирилди.

Учрашувда Ҳиндистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маниш Прабхат иштирок этди.

Ҳиндистон маданий миссияси вакилларининг мамлакатимизга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим вазирлиги ва Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида ҳам учрашувлар бўлиб ўтди.

 

Гулруҳ АБДУЛЛАЕВА, ЎзА