Давлат раҳбари бугунги кунда нодавлат ташкилотлари аёллар бандлигини таъминлаш, уларни ишчи касбларга ўргатиш бўйича хотин-қизларга энг яқин кўмакчи бўлиб келаётганига алоҳида тўхталди.
Жумладан, Тошкент шаҳрида кадрлар топиш билан шуғулланувчи Мэри Поппинс нодавлат ташкилоти бир йилда мингта хотин-қизни керакли касбларга ўқитиб, иш билан таъминлаган.
Ушбу ташкилот иш берувчилардан талаб юқори бўлган ва тайёрлаш кам вақт талаб қиладиган касблар бўйича буюртмалар олади ва қийналган аёлларни меҳмонхона иши, сотувчи, официант, энага, котиба, бухгалтер, фаррошлик каби касбларга ўзининг ўқув марказида ўқитиб, кафолатли иш топиб бераяпти. Ўқиш харажатлари бор-йўғи 250 минг сўм бўлиб, бу харажатлар Бандлик жамғармасидан қоплаб берилмоқда.
Видеоселекторда Мэри Поппинс нодавлат ташкилоти раҳбари Валида Турсунова хотин-қизларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитиш бўйича тажрибаси ҳақида сўзлаб берди.
Президент тадбиркор аёлдан қандай муаммолари борлигини, фаолиятини кенгайтириш учун қандай ёрдам кераклигини сўради.
Валида Турсунова кўп йиллардан буён бино ижараси масаласида қийналиб келгани, агар шу масала ҳал бўлса ўқув курсларини янада кўпайтириш имконияти борлигини айтди. Президент Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига марказ учун Тошкент шаҳридаги коллежнинг бўш турган биносини фойдаланишга бериш, вилоятларда Мэри Поппинснинг филиалларини ташкил этиш бўйича топшириқ берди.
– Буларга кўп йил эътибор қилмадик. Ҳолбуки, ўқув марказлари қанчадан-қанча хотин-қизларимизни ўқитиб, ишли қилиб, уларнинг жамиятда ўрнини топишига кўмаклашиб келаяпти. Бизда хизмат кўрсатиш соҳаси 30 фоиз ривожланган, 70 фоизи қолоқ. Агар ишсиз аёлларни талаб юқори бўлган касбларга ўқитишни кенгайтирсак, бу кўплаб муаммоларга ечим бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.
ЎзА