Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 февраль куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши 46-сессиясининг юқори даражадаги сегменти ишида иштирок этади.

Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш фаолияти бутун дунё бўйлаб инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган БМТ тизимидаги энг нуфузли ҳукуматлараро органлардан бири ҳисобланади.

Кенгашга 47 та давлат аъзо. Ўтган йил октябрь ойида мамлакатимиз 2021-2023 йиллар даврига ушбу тузилма аъзоси этиб илк бор сайланди.

Коронавирус пандемияси муносабати билан кенгашнинг навбатдаги йиғилиши Женева шаҳрида видеоанжуман шаклида ўтказилади.

Йиғилиш кун тартибидан инсон ҳуқуқларига риоя этилиши ва уларни ҳимоя қилиш, шу жумладан фуқаролик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни таъминлаш билан боғлиқ энг долзарб масалалар ўрин олган.

Тадбирда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар Мишель Бачелет, қарийб 150 мамлакатдан давлат, ҳукумат раҳбарлари, ташқи ишлар вазирлари ва юқори даражадаги вакиллар иштирок этиши режалаштирилган.

Ўзбекистон Президенти форумнинг биринчи кунида, унинг ялпи қисмида нутқ сўзлайди.

Давлатимиз раҳбари ўз нутқида мамлакатимизда демократик янгиланишларни чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари ҳамда Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаш доирасидаги ишларнинг асосий вазифаларига батафсил тўхталади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти нутқининг тўғридан-тўғри трансляцияси мамлакатимизнинг марказий телеканалларида ҳам амалга оширилади.