Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази томонидан брифинг ташкил этилди.
Марказ ахборот хизмати раҳбари Саидиллахўжа Саидхўжаев иштирокида бўлиб ўтган брифингда экспертиза тадқиқотлари юзасидан маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига сохта имзо юзасидан ариза билан мурожаат қилинса, уларнинг қарори ва ажрими билан суд хатшунослик экспертизаси ўтказилади ва имзо қайси шахс томонидан қўйилгани ҳақида хулоса берилади.
Шунингдек, шахсни тасдиқловчи ҳужжат билан ушбу қайдномалар нусхаси ва шахсан асл имзо мавжуд ҳужжатлар билан Марказга ташриф буюриб, пуллик хизмат асосида мутахассис фикрини ҳам олиш мумкин.
Брифингда туғилмаган болада ДНК таҳлилини ўтказиш тартиби бўйича ҳам маълумот берилди.
Бу каби ҳолатларда ҳомиладан намуна олиш зарур. Ушбу жараёнда бола тушиб қолиш хавфи юқори бўлгани сабабли амалиётимизда бу қўлланилмайди. Айрим чет эл лабораторияларида туғилмаган боланинг «фетал ДНК»си онанинг қонидан ажратиб олиб, таҳлил қилинади.
Аммо ушбу усул учун махсус, жуда қиммат ускуна ва реагентлар талаб қилингани, таҳлилнинг таннархи жуда қимматга айланиши, шунингдек, амалиётда бу йўналишдаги таҳлилга кўп ҳам эҳтиёж йўқлиги боис, бу турдаги таҳлил ўтказилмайди.
Телефон орқали бўлган суҳбатлар ёзиб олинган фонограммаларда ёки мессенжерлар орқали юборилган овозли хабарларда ҳам ушбу суҳбат вақти ёки хабар юборилган вақтни аниқлашнинг имкони бор. Бундай ҳолларда электроакустик монтаж белгилари бор ёки йўқлиги тўғрисида тадқиқотлар ўтказилиб, экспертлар томонидан тегишли эксперт хулосаси ёки мутахассис фикри берилади.
Шуни инобатга олиш лозимки, аудио-видеоёзувнинг ёзилган вақти нисбий ҳисобланади ва вақтни аниқ факт сифатида қабул қилиш нотўғри бўлади. Чунки аудио-видеоёзув ёзилган вақт ушбу ёзувлар амалга оширилган қурилмадаги вақтни кўрсатади.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА